Ўн тўққизинчи аср охири ХХ аср биринчи ярмида Намангандан бир қатор дин арбоблари етишиб чиқди. Мулла Сотти охунд, у зотнинг ўғиллари Иброҳим махдум, Исмоил махдум ва Исҳоқ махдум шулар жумласидандир. Бу зотлар совет замонининг даҳриёна тақиқлари ва ҳар қадамдаги ситамларига қарамай, диний билимларни пухта эгаллашди. Кўп йиллар дину диёнат йўлида турли масжиду мадрасаларда холис хизмат қилишди.

Сотти Охунднинг тўнғич ўғли Иброҳим махдум 1890 йили туғилган. Тўққиз ёшида Қуръонни ёд олиб, араб ва форс тилларини мукаммал ўрганди. Отасининг изидан бориб турли йиллар масжидларда имомлик, Бухородаги Мир Араб мадрасасида мадаррислик қилди. Иброҳим махдум диний билимлардан ташқари тарих ва тиб илмидан ҳам етук олим эди. У киши 1983 йили оламдан ўтган.

Иккинчи ўғил – Исмоил махдум 1893 йили дунёга келган. Бошланғич билимларни ота­сидан, маҳалладаги мактабда олган бу зот 13 ёшида Қуръони каримни Наманганнинг машҳур қориларидан Ғофир қори домлада ёд олди. Кейинроқ таҳсилни “Мулла Қирғиз” мадрасасида давом эттирди.

1943 йилга келиб шўролар ҳукумати динларга бир оз эркинлик берди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигида бир неча уламолар Москвага так­лиф этилади. У ердан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил этиш, масжидлар очишга рухсатнома ва совет армияси ғалабасини тилаб дуода бўлиш топшириғи билан қайтишади. Ўша гуруҳ сафида Исмоил Махдум ҳам бор эди. Кейинчалик у Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари билан бирга муборак ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлди. Бирмунча вақт Намангандаги “Шайх Эшон” масжидида имомлик қилган Исмоил махдумни Тошкентга диний идорага ишга таклиф этишади. Исмоил махдум 1952 йилдан бошлаб ушбу идорада муҳтасиб, кейинчалик Мир Араб мадрасасида мудир, 1957 йилдан то умрининг охиригача диний идора раиси муовини ва қози лавозимида хизмат қилди. У кишининг диний идорадаги фаолияти жуда серқирра, шарафли, айни дамда масъулиятли ва мушкул бўлган. Бир томондан даҳрийлик асосига қурилган тузумнинг тазйиқи, иккинчи томондан Аллоҳнинг динини исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутқуси остида динини унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб этиш зарур эди.

Совет даврида машҳур бўлган бир жамоат арбоби: “Агар Исмоил махдум дин арбоби бўлмаганида, ўткир сиёсатчи ёки моҳир дипломат бўлиши мумкин эди”, деб айтган экан.

Исмоил махдум 1976 йили оламдан ўтди.

Сотти охунд домланинг учинчи ўғли Исҳоқ махдум 1911 йили туғилган. Бошланғич диний таълимни отасидан, сўнгра Умарча қори домла ва Ғофур қори домладан олган. Исҳоқ махдум жуда эрта Қуръон ҳофизи бўлган. У киши 1946 – 1951 йиллари Мир Араб мадрасасида таълим олди ва Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон”, Тошкент шаҳридаги “Жўрабек”, Гулистон, Ўш, Асака, Қўқон шаҳарларидаги, Уйчи ва Чуст туманларидаги масжидларда имом-хатиблик қилади. “Тафсирул калом ва одобут таом”, “Мажмуатул ахлоқ мин таърифи қори Исҳоқ” номли асарлар ёзган. У зот шахсий кутубхонасида жуда кўп машҳур тарихий манбаларни тўплаган.

Исҳоқ махдум 1994 йили Наманган шаҳрида оламдан ўтди.

Аллоҳ таоло маърифат аҳлларидан бўлган уламоларимизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.

 

Низомжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

Янгиқўрғон туманидаги “Эскиобод” жомеи имом-хатиби