Китоб туманида Хожаимкана қишлоғи бор. Бу маскан XV-XVI асрларда диний-маърифий марказлардан бири бўлган. Бухоро амири Олимхон ҳукмронлигининг охирги йилларигача давлат қозиси ва котиблар мана шу қишлоқ ахлидан сайланган. Бу ердан кўпгина таниқли мутасаввифлар, дин олимлари етишиб чиққан. Шулардан бири Мавлоно Муҳаммад Дарвеш ҳазратларидир. У киши ота томондан Термиз саййидларидан бўлса, она томондан машҳур шайх Яъқуб Чархийга боғланади. Мавлоно асосан Чағониённинг Вахшивор (ҳозирги Сурхондарё) қишлоғида яшаган. Муршидлик мақомига эришганидан кейин Кешга келиб, Имкана қишлоғида қўним топади. Милодий 1562 йили дунёдан кўз юмади ва Хожаазфароз қишлоғига дафн этилади. У кишидан Хожа Офоқ ва Абдулбоқий Хожагий исмли икки ўғил қолгани маълум. Хожа Офоқ тўғрисида маълумотлар кам. Мавлоно Абдулбоқий Хожагий 1510 йили Имкана қишлоғида туғилган. Носириддин Ҳанафий “Туҳфатуз зоирин” китобида Хожагий Имканагийга: “У кишининг юзини Аллоҳ таоло жуда ёруғ қилиб қўйган эди, ундан нур ёғилиб турарди”, деб таъриф беради. “Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи” китоби маълумотига кўра, Абдулбоқий Имканагий насабда Имом Ҳусайннинг (розияллоҳу анҳу) ўттиз иккинчи авлоди ҳисобланади.

Бўлажак олим ёшлигиданоқ отасидан зоҳирий ва ботиний илмларни, руҳий тарбия усулларини ўрганади. Замонанинг буюк кишилари суҳбатидан баҳраманд бўлади. У киши наср ва назмда бир қанча китоблар ёзган. Бироқ улардан фақатгина “Китобун насма” асари бизгача етиб келган.

Шарафиддин Раҳимий “Тариху томм” китобида мавлоно Хожагий Имканагийнинг вафоти ҳақида Мирзо Мўмин Мунший битган таърихни келтиради. Ундан келиб чиқадиган абжад хисобига кўра, Имканагий оламдан ўтган сана ҳижрий 1010, милодий 1601 йилларга тўғри келади.

Хожаимкана қишлоғида олти юз йиллик тарихий хонақоҳ сақланган. Уни мавлононинг ўғли Хожа Абулқосим 1601 – 1602 йилларда қурдирган. Узунлиги йигирма тўрт, эни йигирма метрли жоме ҳозир қайта таъмирланяпти.

Собитхон НАЖМИДДИНХОН ўғли,

Китоб тумани “Чинорлик” жоме масжиди имом-хатиби