Қадим Самарқанднинг ўн икки дарвозасидан бири – Машҳад ариғи устидаги Муғоб кўприги яқинида Саид Иброҳим ибн Имом Мусо Козим ётибди. Бу ҳазрат Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) еттинчи авлод ҳисобланиб, Карбало фожиа­сидан омон қолган имомзодалар ворисидир.

Тадқиқотлар ушбу қабр қорахонийлар даврига (XII аср) тааллуқли эканини кўрсатди. "Тарихи анбиё" (Пайғамбарлар тарихи) китобида бу зот тўғрисида ҳам сўз боради. Унда зикр этилишича, имом Саид Иброҳимнинг отаси ҳазрат Мусо Козим еттинчи имом бўлиб, у кишининг отаси Жаъфар Содиқ, Жаъфар Содиқнинг бобоси машҳур имом Али Ризодир. Саййид Иброҳим Мусо Козимнинг иккинчи фарзандидир.

Пули Муғоб маҳалласидаги хилхонада Фотима Султоннинг ҳам қабри бор. У киши Саид Иброҳимнинг хотинидир. Қадамжо атрофида Саид Иброҳимнинг хонақоҳи, турар жойи ва боғи бўлган. Мақбара эса XII асрда тикланган.

Саид Иброҳим IX асрда яшаб ўтган. У аёнлари билан Самар­қандга келади. Машҳад ариғи бўйида, Муғоб кўприги яқинида жойлашиб, маҳаллий аҳоли орасида Ислом динини ёйишга ҳисса қўшади. Шу киши туфайли ариқ ёқасида мўъжазгина қишлоқ барпо бўлиб, боғ-роғлар яратилади. Самарқанд атрофидаги қабристонларда ётган азиз авлиёларнинг кўпи бу улуғ зотнинг қавм-қариндошларидир.

Мустақиллик йиллари Пули Муғоб қабристони кенг кўламда обод қилинди. Саид Иброҳим қабри устида мақбара бунёд этилди. Қабристонга дарвоза ўрнатилиб, йўллар текисланди.

 

Саид ИМОМХЎЖА САЛИМИЙ,

филология фанлари номзоди