Шарқ аёллари ҳамиша ақлу заковатлари, илму ирфонлари билан дунё аҳлини лол қолдириб келган. XI-XII асрларда яшаб ижод этган Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (ваф. 1144 й.)нинг қизи Фотима бинти Муҳаммад ҳам шулар жумласидандир.

Алоуддин Самарқандийнинг кўплаб етук шогирдлари бўлиб, улар орасида қизи Фотиманинг алоҳида ўрни бор. Фотима фиқҳ илмида етук бўлиб, оталари чиқарган фатволарда унинг ҳам муҳр ва имзоси қўйилган. У отаси Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) номли машҳур асарини ёддан билган. Шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний “Туҳфатул фуқаҳо” асарини шарҳ этиб, “Бадоиъ ас-саноъи фи тартиб аш-шароъи”ни ёзиб, устозларига тақдим этганида Алоуддин ҳазратлари мамнун бўлиб, қизи Фотимани унга турмушга беради.

Ибн Адим айтади: “Отам Фотима бинти Муҳаммад умр йўлдоши Косонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларини кўрсатиб берганини, Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилганини ҳикоя қилиб берган эди”. Яна бир ўринда: “...олдинлари ҳазрат Фотима ва оталари тарафидан фатволарга имзо чекар эди. У турмушга чиққач, ҳар уччовларининг ҳам имзо ва муҳрлари босилган муштарак фатволар чиқадиган бўлди”, дейилган.

Бир гал Абу Бакр Косоний саройда олимлар билан кўп тортишувлар, мунозара ва муноқашаларга боради. Натижада, ҳукмдор билан унинг ўртасида тушунмовчилик вужудга келади. Сўнг вазирлар маслаҳати билан Абу Бакр Косонийни Самарқанддан Шомга, Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн Зангининг (1146-1174) олдига элчи қилиб жўнатади. Ҳалабда уни жуда яхши кутиб олишади. Қисқа муддатда катта шуҳрат қозониб, олимларнинг истагига кўра, шахсан Нуриддин томонидан 1148 йилда бино этилган “Ал-Ҳаловийя” мадрасасига “Хожа” (бош мударрис) этиб тайинланади.

Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад Мовароуннаҳрга қайтмоқни ихтиёр этганларида, Ҳалаб ҳукмдори уларга шу ерда қолишларини сўраб, нома жўнатади. Ҳукмдор умр йўлдошлари раъйини қайтармаслигини билиб, номани атайин ҳазрат Фотимага юборади. Нома олиб келган киши эркак бўлгани сабабли ҳазрат Фотима уни қабул қилмайди. Элчи қайтиб кетади. Ҳазрат Фотиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор бошқа бир аёлни элчи қилиб жўнатади ва унинг бу илтимоси қабул қилинади.

Шу сабаб Фотима бинти Муҳаммад жуфти ҳалоли Алоуддин Косоний билан умрларининг охирига қадар Ҳалаб шаҳрида қолади.

Демак, Исломнинг илк даврларида ва ундан кейинги асрларда ҳам оқила ва фозила аёллар диний ва дунёвий фанларни эгаллаб, турли соҳаларда ишлаб, тараққиётга ҳисса қўшганларига тарих гувоҳдир.

Аллоҳ таоло мўмина, муслима аёлларимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва барокотли ҳаётни насиб қилсин.

Ҳусан ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн

институти илмий тадқиқотчиси