Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий илм-фан тараққий этган даврда, Самарқандда таваллуд топди. Ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида келтирилган манбаларда олимнинг таваллуд йили ҳақида айтилмаган. Ёзма манбаларда кўрсатилишича, ёшлигидан илм-маърифатга интилган Ҳаким буюк алломалар Абу Ҳасан Али Рустуғфоний, Муҳаммад ибн Фазл Балхий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Бакр Варроқ, Муҳаммад ибн Ҳузайм Қаллос, Абу Наср Иёдий, Абдуллоҳ ибн Саҳл Розийлардан сабоқ олди. У мазкур олимлардан тафсир, ҳадис, айниқса, фиқҳ ва калом илмларини чуқур ўзлаштирди ва муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва воиз сифатида мусулмон оламига танилди. У тасаввуфни Балх машойихларидан, фиқҳ ва калом илмини бевосита Мотуридийдан ўрганди ҳамда Абдуллоҳ ибн Саҳл Зоҳиддан ҳадис ривоят қилди. Бу кишидан фақиҳ Абдулкарим ибн Муҳаммад Самарқандий ҳадис ривоят қилди.

Самъоний (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Абул Қосим Самарқандий солиҳ кишилардан эди. У зотнинг ҳалимлиги, донолиги ва хушмуомалалиги зарбулмасал қилинарди. Самарқандда узоқ вақт қозилик қилган. Ҳаёти ва ижоди мақтовга сазовордир. Айтган ҳикматлари ёзиб олинарди. Ваъз-насиҳатлари кўплигидан Абул Қосим “Ҳаким” (доно, ҳикматли) номи билан шуҳрат қозонди”.

Абу Мансур Мотуридий ва шогирдлари калом илмига оид асарлар таълиф этишди. Мотуридий даврида таълиф этилган ана шундай машҳур асарлардан бири “Ас-савод ал-аъзам” асаридир. Асарнинг муаллифи Ҳаким Самарқандий уни сомонийлар даврида ҳокимлар талаби билан ёзган. Сомонийлар амири Исмоил ибн Аҳмад (279 – 295) Бухоро ва Самарқандга ҳокимлик қилган вақтида ҳижрий 290 йили Мовароуннаҳрнинг кўзга кўринган олимларини тўплаб, сунний эътиқодни баён қилувчи асар ёзишни буюради. Ушбу масъулиятли вазифа ҳанафий олими Ҳаким Самарқандийга топширилган.

“Ас-савод ал-аъзам” асарида ҳар бир мўмин-мусулмон сифатланиши лозим бўлган 62 та хислатнинг зикри келгандир. Муаллиф асарни Аллоҳ таолога ҳамд, расулига салавот айтгандан сўнг, қуйидагича бошлайди: “Агар сиз Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мазҳаблари (йўллари) қандай бўлган деб сўрасангиз, мустақим (тўғри) йўл бўлган. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Мусо (алайҳиссалом) қавми у зотдан кейин 71 фирқага бўлиниб кетди. Улардан 70 таси ҳалок бўлиб, фақат бир фирқаси нажот топди. Исо (алайҳиссалом) қавми эса у зотдан кейин 72 фирқага бўлиниб кетди. Улардан 71 таси ҳалок бўлди. Фақат бир тоифаси нажот топди. Менинг умматим эса 73 фирқага бўлинади. Улардан 72 таси ҳалок бўлади. Фақат бир тоифаси нажот топади. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган фирқа кимлар”, деб сўрашди. У зот (алайҳиссалом): “Улар аҳли суннат ва жамоатдир. Улар саводул аъзам (энг кўп ададли жамоат)дир. Ким бу жамоатга заррача қарши бўлса, Ислом арқонини қўлидан чиқарибди”, дедилар (Абу Довуд).

* * *

Абул Муин Насафий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Мотуридия таълимотида Шайх Абул Қосим ўз асрининг ҳурматли олими ҳисобланган. Калом, фиқҳ, Қуръон таъвили, маърифат ва муомалот илмларини мукаммал билган ва мазкур илмларда юксак чўққига кўтарилган”.

Абул Қосим илмий мероси баён қилинган аксарият манбаларда у зотнинг ҳижрий 342 йили муҳаррам ойи, ашуро куни Самарқандда вафот этгани ва Чокардиза қабристонига дафн қилингани таъкидланган.

Тошкент ислом институти битирувчиси Ғиёсиддин БАРАТОВ тайёрлади.