Маълумки, Мовароуннаҳрда тафсир илмининг илк куртаклари VIII аср бошларидан IX асрнинг биринчи чорагига тўғри келиб, бу даврда тафсир илми ҳадис илмидан ажралиб улгурмаган эди. Шу боис ушбу даврда яшаб ижод қилган муҳаддис олимларимиз бир вақтнинг ўзида муфассир вазифасини ҳам бажарганлар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Имом Бухорийлар гарчи ҳадис ва фиқҳ илмларида фаолият олиб борган бўлсалар-да, уларнинг асарларида тафсирга оид маълумотлар ҳам кўп учраб туради.

Мовароуннаҳр тафсир илми ривожига ҳисса қўшган ана шундай олимларимиздан бири Имом Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром Доримий (ваф. 255/869 й.) саналади. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Доримий 798 йили Самарқандда таваллуд топган муҳаддис бўлиб, тафсир илмида ҳам улуғ олимдир. Имом Доримий илм талабида Хуросон, Шом, Ироқ, Миср ва Ҳижоз шаҳарларида бўлган. “Сиҳоҳи ситта” муаллифларидан тўрттаси – Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Насоийлар Имом Доримийдан ҳадис ўрганган.

Имом Доримий Имом Бухорийнинг ҳам устозларидан саналиб, ўзининг “Сунани Доримий” асарини сомонийлардан бўлган Самарқанд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад даврида ёзиб тугатди. Баъзи олимлар Имом Доримийнинг “Сунан” асарини “Сиҳоҳи ситта” китоблари жумласига киритиш фикрида бўлган. Уни олти “Саҳиҳ”нинг муаллифлари қаторига биринчи бўлиб Фазл ибн Тоҳир қўшган эди. Ундан кейин Ислом оламининг бошқа олимлари ҳам шундай йўл тутди. Уларнинг фикрига кўра, “олти саҳиҳ”нинг олтинчи ўрни Молик ибн Анаснинг “Муватто”, Ибн Можанинг “Сунан” ҳамда Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” асарлари ўртасида бўлинар эди. Бундай баҳолашдаги турли фикрлилик эса ўзининг объектив ва субъектив асосларига эгадир. Масалан, Ибн Можадан кўра кўпроқ Имом Доримийга ён берувчиларнинг фикрича, Доримийнинг китобида келтирилган ҳадислар Ибн Можанинг “Сунани”дагига нисбатан ишончлироқ ва олдинроқ тўпланган. Шунингдек, Имом Доримийнинг асарида ровийларининг сони камроқ, бу эса ҳадислар иснодининг аниқ ва ишончлилигидан дарак беради. Шунинг учун шайх Салоҳиддин Алаий “Олтинчи ўринга Ибн Можа эмас, Имом Доримий қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деб ҳисоблайди.

Ҳофиз Алоуддин ибн Абдуллоҳ Ҳанафий Туркий Мўғултоий (ваф.762 й.) ёзишича, «Кўплаб уламолар Имом Доримийнинг “Сунан”ини “Саҳиҳ асарлар” синфига қўшганлар». Лекин ушбу асар юқорида олти китоб, шунингдек, Молик ибн Анаснинг “Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и билан бир қаторда “Тўққизта энг эътиборли ҳадис китоблари” (“Кутуб тисъа”) (ёки “Сиҳоҳ тисъа”, яъни “Тўққизта тан олинган ишончли ҳадис тўпламлари”) ичида энг ишончли тўплам сифатида тан олинди.

Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” номли ҳадислар мажмуаси Абдулазиз Холидий таҳрири остида Байрутнинг “Дорул кутубил илмия” нашриётида 1996 йил икки жилдда чоп этилган. Китобнинг 2-жилдида “Фазоилул Қуръон” номли алоҳида бир боби бўлиб, у 35 фаслдан иборат. Унда Қуръон оятларининг тафсирига алоқадор бўлган ривоятлар, баъзи сура ва оятларнинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар жамланган.

Дарҳақиқат, Имом Доримий “Сунани Доримий” асаридаги 82 та бобда “Қуръон фазилатлари китоби”ни ҳисобга олмаганда 164 та оятга шарҳ бериб ўтган. Ушбу оятларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда бошқа пайғамбарларга берилган махсус фазилатлар борасида сўз борган бўлиб, уни тафсир сифатида қабул қилиш мумкин. Бу маълумотлар бошқа тафсир китобларида ҳам зикр қилинган. Жумладан, Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам айнан шу маълумотларни келтирганига гувоҳ бўламиз. Қуйида мазкур асарда келган оятлар тафсирининг баъзилари билан батафсил танишиб чиқамиз:

1. Вузуъ – таҳорат китоби, унинг аввалида “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...” (Моида, 6) ояти келтирилади. Бу оятнинг шарҳи сифатида иккита ҳадис шарҳланган. Биринчиси 661-ҳадис: Икримадан ривоят қилинади, Саъд ҳамма намозни бир таҳорат билан ўқир эди. Али (розияллоҳу анҳу) эса ҳар бир намозга таҳорат қиларди ва қуйидаги оятни ўқирди: “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...”. Иккинчиси 663-ҳадис: Ибн Бурайда отасидан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз учун таҳорат қилардилар. Макка фатҳ қилинган куни бир таҳорат билан бир неча намозни ўқидилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Олдин қилмаган ишни қилаётганингизни кўрдим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қасддан шундай қилдим, эй Умар”, дедилар». Абу Муҳаммад бундай деган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг бу ишлари қуйидаги “Агар намозга турсангиз, юзларингизни ювинг...” оятининг амри таҳоратсиз кишилар учун, таҳорати борлар учун эмаслигига далилдир. Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги “Фақат таҳоратсизликдан таҳорат қилиш вожибдир”, деган сўзлари ҳам бу оятнинг шарҳидир».

2. Намоз китоби: “Яратган Раббинг номи билан ўқи” ояти билан бошланиб, 1478-ҳадисда Иншиқоқ ва Алақ сураларининг илк оятлари тафсир қилинган.

3. Рўза китоби: “Бас, сизлардан ким Рамазон ойига гувоҳ бўлса, бу ойда рўза тутсин” ояти билан номланиб, 1740-ҳадисда Бақара сураси 184-ояти тафсир қилинган.

4. Яхшиликлар китоби: “Бу, ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам (бошқа осмонларга) алмаштириладиган кунда...” ояти билан аталиб, 2811-ҳадисда Иброҳим сураси 48-ояти тафсир қилинган.

Кўриб турганимиздек, Имом Доримий ўз асарида “Тафсир бил маъсур” – “оятни ҳадис билан тафсир қилиш” услубидан фойдаланган. Ундан ташқари, мазкур асарда “Қуръон фазилатлари” китоби ҳам мавжуд бўлиб, унда ҳам кўплаб оятлар тафсир қилинган. Бу мавзуга атрофлича тўхталиб ўтганимизнинг боиси шундаки, Доримий ўз асарларида бошқа муҳаддислар каби “Қуръон тафсири” деб аталувчи алоҳида китоб ёзиб қолдирмаган. Шу боис ҳам айрим тадқиқотчилар Доримийни фақат муҳаддис сифатида ўрганганлар. Лекин юқорида келтирилган далиллардан шу нарса маълум бўладики, Имом Доримий Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан нафақат буюк муҳаддис, балки муфассир олим ҳамдир. Унинг шоҳ асари “Сунани Доримий”дан кўп оятларнинг тафсири ўрин олгани сўзимизнинг исботидир.

Аброр АЛИМОВ,

Тошкентдаги “Қатортол” масжиди имом-хатиби