“Фақат мустақиллик шарофати ўлароқ Имом Бухорий, Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Амир Темур,  Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бурҳониддин Марғиноний, Махдуми Аъзам Косоний каби кўплаб нафақат миллий маданиятимиз, балки бутун жаҳон цивилизацияси хазинасига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг номлари ва хайрли ишлари бутун бўй-басти билан намоён бўлди” .

Ислом КАРИМОВ

 

Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний – Даҳбедий Махдуми Аъзам ҳазратлари 1461 йили  Фарғонанинг қадимий пойтахти Косонда таваллуд топган.

Аллома нақшбандия тариқатининг давомчиси бўлиб, фиқҳ илмида ҳам шуҳрат қозонган.

Зироатчилик билан ҳам машғул бўлган ва янги мева ва полиз навларининг яратилишида ҳисса қўшган.

Махдуми Аъзам мадрасани тамомлагач, устозлари Мир Сайид Алининг маслаҳати билан Самарқандга  Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози ҳузурига боради.

Узоқ йиллар Мавлоно Муҳаммад Қозидан таълим олиб, илмини оширади.

Махдуми Аъзам ҳазратлари 1514–1516 йиллари шайбонийлар давлати бошқарув ишларида фаол қатнашиб, тинчлик ва осойишталикнинг сақланишига хизмат қилади. Ҳукмдорларни доимо инсоф, халқпарварлик ва адолатга даъват қиладилар.

Оддий фуқародан давлат ҳукмдорларигача, толиби илмлардан то уламоларгача, барчанинг Махдуми Аъзам ҳазратларига муҳаббати баланд эди.

Жонибек Султон 1510 йили Самарқандга ҳоким қилиб тайинлангач, Махдуми Аъзам ҳазратларини пойтахтга таклиф қилади. У зот 1528 йили Самарқанд ҳудудидаги сўлим маскан Даҳбед мавзесида қўним топади, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланади.

Манбаларда у зот валийтарош қаторида зикр қилинади. Хожагон тариқатининг пешвоси Махдуми Аъзам 1542 йил 8 май душанба куни (949 ҳижрий 21 муҳаррам) ўзи яшаб турган Даҳбед қишлоғида вафот этади ва васиятларига биноан боғ ўртасидаги ўзлари экиб парваришлаган нок дарахти тагига дафн этилади.

1618 йилда Махдуми Аъзамнинг набиралари Хожа Ҳошим даврида Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир алломанинг мақбарасини ободонлаштириб, унинг  яқинида катта хонақоҳ барпо эттиради.

Ялангтўш Баҳодир ҳам мазкур мақбарада дафн қилинган.

Мустақиллик йилларида тарихий ёдгорлик “Махдуми Аъзам” жоме масжиди ва ҳазратнинг мақбаралари ободонлаштирилди.

 

Олимхон ЮСУПОВ,

Имом Бухорий халқаро маркази Манбашунослик бўлими бошлиғи