Жаҳон эҳтиромига сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири – Абу Исо Термизий бўлса, яна бири Ҳаким Термизийдир. Манбаларда таъкидланишича, Термиз Ҳаким Термизий туғилган IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда илм ва маданият юксак даражада тараққий этган. Ҳаким Термизий сермаҳсул алломалардан ҳисобланади. У кўплаб муҳим асарлари билан асрлар оша ўзидан кейинги олимлар ижодига таъсир этди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий бўлиб, у ҳижрий учинчи (милодий тўққизинчи) асрда яшаган.

Ҳаким Термизий ҳанафий мазҳабида бўлган. Асарларида турли диний оқимларнинг қарашларига танқидий фикрларини билдирган. Аллома фиқҳ соҳасида ўзига хос янги йўналишни тизимга солиб берди. Чунончи, ислом ҳуқуқида “мақосид аш-шариъа”, яъни шариат аҳкомларидан кўзда тутилган мақсадларга эътибор қаратиш орқали ҳукм чиқариш услубиятини ишлаб чиқди. Бу эса бирор масалада ҳукм чиқарилаётганда шаръий ҳукмдан кўзда тутилган ҳикматни, унинг мақсадларини инобатга олишни тақозо этар эди. Ҳаким Термизийнинг “Исбат илал фил-амр ван-наҳй” (Илоҳий буйруқлар ва қайтариқлар сабабларининг тасдиқ-исботи) асари айнан шу мавзуга бағишланган. Алломанинг “Ҳаж ва асроруҳу”, “Салот ва мақосидуҳа” асарлари ҳам мақосид аш-шариъа йўналишида ёзилган илк асарлардан ҳисобланади. Ҳаким Термизий асослаб берган бу йўналиш ислом оламида ҳозирга қадар амалий ифодасини топиб келмоқда.

Жумладан, айрим мутаассиб кучларнинг диний матнларга кўр-кўрона ёндашув ва талқинлари қанчалик асоссиз ва саёз эканини улуғ алломанинг асарлари билан танишгач, билиб олиш мумкин.

Ҳаким Термизийнинг ижоди жуда серқирра бўлиб, у ислом илмларининг кўплаб жабҳаларини қамраб олган. Асарлари чуқур мушоҳадага, инсоннинг кўнглида кечаётган энг нозик жиҳатларга эътибор қаратишга ундаши билан диққатга сазовор. Алломанинг асарлари араб тилида бўлиб, айримларининг тили жуда мураккаб. Бу эса унинг араб тилини мукаммал билгани, унинг нозик жиҳатларидан ҳам хабардор бўлганидан далолат беради. Ҳатто, айрим араб тадқиқотчилари Ҳаким Термизий асарларидаги тил савиясига юқори баҳо бериб, у кишининг келиб чиқиши араблардан эканини исботлашга уриниб ҳам кўришган.

Аллома қуйидаги соҳаларда самарали ижод қилгани маълум: тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар.

Мустақиллик йилларида Ҳаким Термизийнинг илмий мероси унинг она юртида кенг миқёсда ўрганилишига имкониятлар яратилди. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида рисолалар ёзилди, асарлари ўзбек тилига таржима қилинди, фильмлар ишланди, мероси ва илмий фаолияти юзасидан илмий ишлар ёқланди. Булар билан бир қаторда кўплаб бошқа олим ва тадқиқотчилар алломанинг бебаҳо асарлари, мукаммал таълимоти, ҳикматли мероси устида қатор изланишлар олиб бориб, очилмаган янги қирраларини кашф қилмоқдалар.

Ҳозир Амударё бўйида барпо этилган маҳобатли мақбараси таъмирдан чиқарилиб, обод зиёратгоҳга айланган. Юртбошимизнинг 2014 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифлари асносида Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуасига қилган зиёратлари бу буюк зотнинг илмий меросини ўрганишга янги куч берди: натижада ҳукумат дастурлари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда, асарлари таржима қилинмоқда, янги фильмлар ишланмоқда, алломанинг дунёдаги қўлёзма фондларида мавжуд асарларини каталоглаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент ислом университети қошидаги Исломшунослик илмий-тадқиқот марказида “Буюк аждодларимиз” туркумида аждодларимизнинг ислом дини ва маданияти ривожида алоҳида ўрин тутган асарларини таржима қилиш, илмий-танқидий матнларини тайёрлаш ва нашр этиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда Ҳаким Термизийнинг “ал-Амсол мин ал-Китаб вас-Сунна” (Қуръон ва суннадаги масаллар) асарининг таржима ишлари Марказ томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу асарда Ҳаким Термизий уч манбадан масалларини тўплаган: Қуръон, суннат ва донишмандларнинг ҳикматлари. Учинчи манбада кўпроқ алломанинг ўз масаллари жамланганини кўриш мумкин.

Китобда Қуръон ва суннатдаги барча масаллар жамланган дейиш нотўғри бўлади. Аллома кўпроқ ибратли ва панд-насиҳат тарзидаги масалларни келтиришга ҳаракат қилади ва уларга муайян кўринишда шарҳлар беради.

Муҳтарам ўқувчига ушбу китобдан парчалар тақдим этамиз.

Олимнинг мисоли

Олим мисли хушбўйлик сотадиган аттордир. Унинг ёнидан ўтсанг, хушбўй ҳидни туясан, агар у билан бирга ўтирсанг, унинг атридан оласан, агар у билан ҳамсуҳбат бўлсанг, унинг хушбўй таъмидан баҳраманд бўласан. Уйингга ҳам шу ҳолда қайтасан.

Қуръонни тушунмай тиловат қиладиган кишининг мисоли

Қуръонни тушунмай тиловат қиладиган кишининг мисоли худди бир юртдан бошқа юртга жавҳарларни юз дирҳам эвазига олиб боришга келишилган одамга ўхшайди. Унга: “Бу жавоҳирларни ўша юртга олиб бор ва уларни ишлатиб фойдалан, даромадини ўзингга қолдир”, дейилди. Унинг даромади эса уйлар тўла тилла ва кумуш бўларди.

У берилган юкни кўрсатилган юртга олиб борди ва кира ҳақинигина олиб, жавоҳирлардан фойдаланмади. Унга кўтариб келгани учун юз дирҳамгина берилди. Жавоҳирлардан фойдаланиш насибаси бошқага ўтди.

Худди шу каби, кимки Қуръонни ўқиса-ю, аммо ундаги жавоҳирлар билан Аллоҳ таолога муомала қилмаса, унга фақат қироатидаги саъй-ҳаракати, машаққати учунгина ажр берилиб, жавоҳирларни ишлатиш, унинг фойдасидан бебаҳра қолади.

Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган кишининг мисоли

Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган кишининг мисоли гўёки подшоҳга бир дастурхон ҳадя қилган кишига ўхшайди. Дастурхонда алвон таомлар, анқо егуликлар ва турфа либослар ҳам муҳайё. Шунинг қаторида унда ўлимтик суяклари ва ахлатхона латта-путталари, чорва чиқиндилари ҳам бор. Бу нарса подшоҳ даргоҳига етиб келганда, дастурхончи унинг бир четини очиб шу ҳолатини кўрди ва уни подшоҳ нигоҳидан яшириб, ертўлага тушириб юборди. Бир кун келиб подшоҳ уни чақиртирганда, дастурхончи юборилган нарсани подшоҳ ҳузурига олиб кирса, қанчалик хижолат чекади, қанчалик хавф-хатарда қолади?

Ёки бунинг мисоли подшоҳга зебигардон ҳадя қилган кишига ўхшайди. Унда ёқут, гавҳар, тилла, маржон, забаржад билан бирга ўлимтик суяги, шиша бўлса, булар маржон ва гавҳарларнинг қадр-қимматини тўсиб қўймайдими? Яхши ва ёмон ишларни аралаш қиладиган киши ҳам шу каби бўлади.

Иброҳим Усмонов,

тарих фанлари номзоди