Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар Ахсикатий, тахаллуси Ҳусомиддин, кунялари Абу Абдуллоҳдир. Аллома фаръий ва усул илмларининг имомларидан бўлган. У зотнинг болаликлари ҳақида тарихий китобларда маълумотлар йўқ. Кўплаб манбаларда Ахсикатда таваллуд топганларигина келтирилади. Ахсикат Қўқондан 54,7 км, Наманган шаҳридан 28 км, Марғилондан 54 км ва Фарғона шаҳридан 65 км узоқликдаги жойдир.

Ҳусомиддин Ахсикатийнинг ёзган китоблари у зот илм талаб қилишда жуда кўп устозлардан таълим олганларига ва буюк зотлар билан замондош бўлиб яшаганларига далолат қилади. Хусусан “Ал-мунтахаб ал-ҳусомий” асарида ўша даврнинг катта олимларидан дарс олиб ва улар билан суҳбатдош бўлганлари келтирилган. “Ал-мунтахаб ал-ҳусомий” асарига ўн олтига яқин шарҳ ёзилган. Кашфуз зунун китобида “Ал-мунтахаб ал-ҳусомий” китоби ҳақида шундай дейилади: “Бу китоб мазмунан комил, лўнда, фасллар тўлиқ баён қилинган, зиддият ва қарашлар чуқур ўрганилган асардир”.

Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий: “Ал-мунтахаб ал-ҳусомий” бошқа мухтасар китоблардан тартиби мустаҳкамлиги ва услуби чиройли экани билан устун туради”, деганлар.

Ҳусайн ибн Али ибн Ҳажжож Сиғнофий: “Ҳусомиддин Ахсикатий замонасининг забардаст имоми, фиқҳий масалаларнинг нозик жиҳатларини билувчи ва суннатни ҳимоя қилувчи зот эди”, деган. Имом Лакнавий: “Шайх, фозил, фуруъ ва усулда имом эди”, дейди.

Ҳусомиддин Ахсикатий яшаган давр илм-фан ривожланган пайтга тўғри келган. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда Абу Мансур Мотуридий, Қози Абу Зайд Дабусий, Имом Сарахсий, Имом Паздавий, Абул Муъин Насафий, Имом Қаффол Шоший каби кўплаб забардаст уламолар етишиб чиқди.

Айнан шу даврда тавҳид, фиқҳ, усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис ва араб тили грамматикасига оид китоблар тасниф этилди. Муаррихлар илм-фаннинг барча соҳаларида кўп­лаб китоблар ёзилишига ўша даврдаги Аббосийлар давлатининг ўрни катта бўлди, дея таъкидлашади. Чунки Аббосийлар давлати уламоларни китоб ёзиш, зиё тарқатишда қўллаб-қувватлаган ҳамда ҳур фикрлиликка тарғиб этган.

Аллома ҳижрий 644 йил зулқаъда ойининг 22 куни вафот этган.

 

Акмал МИРҲАМИДОВ,

Тошкент ислом институти талабаси