Тасаввуф олими, ғазална­вис шоир, ҳуқуқшунос ва хат­тот сифатида танилган Фай­зул­лохўжа Равнақий 1892 йили Шаҳрисабз қозиси Иноя­тул­лохўжа хонадонида дунёга келди.
Файзуллохўжа ўқиш-ёзишни ёшлигидаёқ ўрганди. Форс ва араб тилларини эгаллаб, Бухородаги “Кўкалдош” мадрасасида таълим олди. Таҳсилдан сўнг Шаҳрисабз қозиси лавозимини эгаллади.
Ёш Файзуллохўжанинг истеъ­доди юзага чиқиши ва камол топишида оиладаги диний ва ижодий муҳит­нинг таъсири кучли бўлди. Падари бузруквори Иноятуллохўжа “Журмий” тахаллуси билан ғазаллар битган. Равнақийнинг укаси Хайруллохон “Қонеъ”, синглиси Бибимушарраф эса “Маҳзуна” тахаллуси билан қалам тебратган.
1920 йилнинг авгус­тида Шаҳрисабз шўролар ҳокимияти тасарруфига ўтди. Янги судлов тизими шаклланмагани боис Совет маъмурлари қозилик (шариат) судларини вақтинча сақлаб туришга мажбур бўлди. Файзуллохўжа қозилик лавозимида ишлашни давом эттириб, дин, оила ва мерос билан боғлиқ ишларда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилди. У кишини исломий билимлар, хаттотлик ва шеърият соҳасидаги фаолияти элга танитиб, машҳур қилди.
Файзуллохўжа хат-са­води­ни чиқаргач, “Рамзий” тахаллуси билан шеърлар машқ қила бошлади. Унинг шу тахаллусда битган бир нечта шеърлари сақланиб қолган. Йиллар ўтгани сари ёш шоирнинг ижоди камолга етиб, мисралари пишиқ-пухта бўла борди. Шоир ижодининг равнақ топаётганига ишора қилиб, кейинчалик “Равнақий” тахаллусини олган бўлса ажаб эмас.
Шоирнинг илк ижод намуналари 1915 йили Янги Бухоро (Когон)да нашр этилган. “Туҳфатул аҳбоб фи тазкиратул асҳоб” номли тўпламдан жой олди.
Равнақийнинг Нақш­бандия тариқати ҳақидаги рисолалари, тасаввуфий олимларнинг қўлёзмалари ва босма асарларни тўплаш бобидаги фаолияти ҳам диққатга сазовордир. Бу ҳақда 2001 йили Москвада нашр этилган «Собиқ Россия Империяси ҳудудидаги Ислом» номли қомусий луғатнинг учинчи жилдида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Луғатда ёзилишича, Равнақий «Ри­солаи тариқати ишқия», «Рисолаи чиштия», «Рисолаи жаҳрияйи Яссавия» каби тасаввуфий асарлар ёзган.
Ислом таълимоти, фиқҳ масалалари ва сўфийлик тариқатига оид Равнақий томонидан чиройли ҳуснихатда кўчирилган қўлёзмалар, ўз қаламига мансуб диний ва адабий асарлардан иборат китоблар юзга яқин.
Равнақий Кеш хаттотлик мактабининг атоқли намояндаларидан бири бўлганини ҳам таъкидлаш жоиз. У Мирзо Юнус Шаҳрисабзий, Зиёвуддин Кеший, Абдумалик Шаҳрисабзий, Муҳаммад Обид Шаҳрисабзий каби таниқли хаттотларнинг анъаналарини давом эттирди. “Бисмиллоҳ”ни 25 хил усулда ёзганининг ўзи Равнақийнинг хаттотлик маҳоратига яхши далилдир. У киши муҳрлар ва хаттотлик дастгоҳлари ясашни ҳам яхши билган.
Равнақий ўз билими, касб-ҳунарини ёшларга ўргатишни бурч деб ҳисоб­лади. Коммунистик мафкура ҳукмрон бўлиб турган шароитда ҳам кўпгина ёшлар у кишидан араб имлосига асосланган ўзбек ёзувини, Қуръони каримни ўқишни ва хаттотликни ўрганди.
Шогирдлари орасида мен ҳам (1974 йилларда) хаттотлик санъатини, ғаровдан қалам тайёрлаш усулини, ёзув турларини машқ қилар эдим.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни лозим деб биламан. Ислом хаттотлик мактабида ёзувлар қуш пати билан эмас, балки ғаров ва қамишдан тайёрланган қаламда ёзилган. Ўзбек мумтоз адабиёти намояндалари ҳақида кўрсатувлар берилганда, негадир сиёҳдонга қуш пати солиб қўйишади. Бу албатта хато! Қуш пати билан ёзиш Европа мамлакатларига хосдир.
Шарқшунос олим Сайфид­дин Сайфуллоҳ, Шаҳри­сабз ва Китобда таниқли бўлган Мулло Усмон, Мулло Ғофур каби уламолар шу зотнинг шогирдларидан ҳисобланишади.
1998 йили Эроннинг Қум шаҳридаги нашриётда ўзбекистонлик шарқшунос олимлар Ш.Воҳидов ва А.Эркиновлар томонидан тайёрланган «Фиҳристи нусхаҳойи хати китобхонайи Равнақий Шаҳрисабзий» номли китоб форс тилида нашр этилди. Ушбу рисола Равнақий қўлёзмалари мундарижасидир.
Китобда Равнақийнинг илмий, ижодий ва хаттотлик фаолияти ҳақида, шунингдек, у кишининг шахсий кутубхонасидан ўрин олган 79 та қўлёзма китобнинг номи, муаллифи, кўчирилган санаси ва мазмуни тўғрисида маълумот берилган. Китобда қирқдан ортиқ хаттотнинг номи ҳам келтирилган.
Файзуллохўжа Равнақий халқимизга улкан маънавий мерос қолдириб, 1978 йили дунёдан ўтди. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин.
 
Собитхон НАЖМИДДИНХОН ўғли,
Китоб туманидаги “Чинорлик” жоме масжиди имом ноиби