ХIХ асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг бошида Наманган шаҳрида яшаган машҳур уламолардан бири Саид Собитхон­­тўра Абулмаонийдир. Унинг тўлиқ исми – Шайх Мавлоно Саид Собитхон­  Абулмаоний Ҳанафий ибн Саид Файзхон Намангонийдир. У 1866 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб ота­си қўлида савод чиқарган Собитхонтўра Намангандаги Азиз хожа ва Саидқулибек мадрасаларида ўқиб, олим Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олади. Илмини янада такомиллаштириш мақсадида Қўқонга бориб, Хон мадрасаси мударрислари қўлида дарс олади. У илк бор ўн икки ёшида ҳажга борган. Ёши улғайгач ҳам бир неча маротаба ҳаж қилади. Охирги сафарида уч йил Мадинада муқим яшаб қолади. Кейин ватанга қайтиб, умрини Наманганда дарс бериш билан ўтказади. Ўтган аср бошида Намангандан етишиб чиққан илм аҳлининг кўпи ундан дарс олган.
Собитхонтўра Абулмаоний бир муддат Фарғона водийсининг муфтийси бўлган. Қирғизистон Республикаси Жалолобод шаҳрида истиқомат қилиб, юз ёшдан ошиб дунёдан ўтган Зуҳриддин Махдум бундай эслайди: “Қиблагоҳим Қўқонга, уламолар мажлисига таклиф қилинган эканлар. Мени ҳам улуғларнинг зиёратига олиб бордилар. Биз Қўқонга поездда бордик. Кенгаш раиси Собитхонтўра Абулмаоний эканлар. Ўша даврда фатво берувчи муфтий лавозимида хизмат қилар эканлар. Қиблагоҳим у зотдан менинг ҳақимга дуо олдилар. Ўша вақтларда 9–10 ёшларда эдим”.
Собитхонтўра Абулмаоний ҳар куни «Тафсири Жалолайн»ни мутолаа қилган. Иршод бериш мақомига чиққанидан кейин ҳар жума бомдод намозидан кейин омма учун махсус йиғин ташкил этиб, маъруза ўқиган. Унинг нутқини тинглаш учун чор атрофдан турли касб-ҳунардаги одамлар тўпланишган. У араб, форс ва ўзбек тилида асарлар ёзган. Шогирди Мирзо Ҳомид ал-Фарғоний тузган «Ал-Фатҳур Раҳмоний» фатволар тўпламида Абулмаонийнинг «Башоратун нажот фи ишоратис салот», «Тажҳизул-амвот», «Кашфун ниқоб фи масъалатил ҳижоб», «Рисола китобит талоқ», «Ал Фатово» каби асарлари қайд этилган. Китоблари ўтган аср бошида тошбосма усулида босилган, айримлари қўлёзма ҳолида ЎзР ФАШИ қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
Собитхонтўра Абулмаоний 1928 йилда вафот этган. Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн қилинган.
Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ, 
тарих фанлари номзоди