Муҳаммад Исохон Бадалмуҳаммад ўғли (Исохон аълам) 1854 йили Тошкентнинг Себзор даҳаси Чархчи маҳалласида, зиёли оилада таваллуд топган. Отасининг қўлида савод чиқарган Муҳаммад Исохон Мир Араб мадрасасида илм таҳсилини давом эттиради. Ўқишни тугатиб, Тошкентга қайтгач, Қосимбой мадрасасида мударрислик қила бошлайди.
Исохон аълам 1918 йилдан бошлаб Уламолар жамиятининг раиси бўлиб ишлайди. “Ал-Ислоҳ” журналида унинг дин ва шариатга оид мақолалари босилган. У, шунингдек, Себзор даҳасининг аълами сифатида турли масалалар юзасидан аҳолига фатво берган. У Қосимбой, Бароқхон, Худойқули додхоҳ мадрасаларида 45 йилга яқин турли фанлардан дарс бериб, кўплаб шогирдлар етиштирган. Улар орасида Сафо қори Алиқориев, Шукур қори Рафиқов, Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Абдуғаффор махсум Абдусалом ўғли каби XX асрнинг йирик дин арбоблари бор.
Исохон аълам нақшбандия тариқати пешволаридан бўлган. У умри давомида икки марта ҳаж сафарига борган. Қосимбой мадрасаси ёпилгач (1927/28 й.), Исохон ­аълам ўз маҳалласидаги масжидда имом-хатиблик қилиб юрган пайтда шўролар ҳибсга олади (1930 й.). Ундан олиб борилаётган коллективлаштириш, ерларни давлатга топшириш ва паранжи ташлаш ҳаракатларига фатво беришни талаб қиладилар. Лекин у қатъий бош тортади. Омманинг норозилиги кучайгач, Исохон аълам 54 кунлик ҳибсдан кейин озод этилади. Исохон аълам озодликка чиққанидан кейин кўп ўтмай, қамоқдаги қийноқлар ўз кучини кўрсатиб, 1930 йилнинг 16 ноябрида оламдан ўтади. У Тошкентдаги Тешикқопқа қабристонига дафн этилган.
Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ, 
тарих фанлари номзоди