"Жоруллоҳ" тахаллуси билан машҳур бўлган Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ал-Замахшарий ҳижрий 467 йилда (милодий 1075 й.) Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган.
Маҳмуд Замахшарийнинг ёшлик ва ўспиринлик йиллари Урганч шаҳрида ўтди ва шу ерда қишлоқнинг имоми бўлмиш отасидан бошланғич илмни олди. Отаси уни ёзишга, ўқишга ўргатди. Айниқса, Қуръон тиловатига катта аҳамият қаратди. Ёш Маҳмуд жуда зийрак ва тиришқоқ эди. Буни сезган ота уни ўқишни давом эттирсин, деган мақсадда Урганч шаҳридаги мадрасага жўнатади.
Маҳмуд Замахшарийнинг катта олим бўлиб етишишига замин яратган одам бу муаллими Абу Мудар Маҳмуд ад-Даббийдир. У Исфахондан келиб, Урганч шаҳрида бир неча йил туради ва шу ерда ёш Маҳмуд билан танишади. Олим унинг ўқишга қунт қўйганини кўриб, алоҳида эътибор билан таълим беради.
Кейинчалик Замахшарий Абу ал-Ҳасан Али ибн Музаффар ан-Нисабурий, Абу Мансур ибн Носир ал- Хорисий, Абу Сайид Аш-Шаконий каби олимлардан ҳам таҳсил олади.
Маҳмуд Замахшарий йигитлик вақтида ўзи туғилиб ўсган қишлоғини тарк этиб, бир неча йиллик сафарга отланади. Сафар давомида Марв, Бухоро, Нишопур, Исфахон, Боғдод, Дамашқ ва Маккаи мукаррама каби шаҳарларни зиёрат қилади. Сўнгра Макка яқинидаги Ҳижоз шаҳрида бир неча йил яшайди.
Бу ерда у ўзининг машҳур асарларини яратди. “Кашшоф” асари шулар жумласидандир.
Маҳмуд Замахшарийнинг араб филологиясига оид 50 дан ортиқ илмий асарларидан ўнга яқини грамматикага, саккизтаси тилшуносликка, еттитаси поэзияга тааллуқлидир. Қолган асарлари эса бадиий-дидактик, фольклор (халқ оғзаки ижоди), мақоллар ва бошқа жанрларда битилган.
Замахшарий юқоридаги асарлар билан бир қаторда араб дунёсида машҳур бўлган ўзининг кўп жилдлик луғати – “Ал-Фоиқ фи ғариб ал-ҳадис” асарини ёзди. Мазкур асар ҳижрий 516 йилда ёзиб тугалланди. Бу асарда Замахшарий ҳадис ва адабий ёдгорликлардаги тушунилиши қийин бўлган сўзларни йиғди ва уларни тартиб билан жойлаштирди. Араб тилининг изоҳли луғати бўлмиш бу асар ўзининг тузилиш усули билан жуда аҳамиятлидир.
Маҳмуд Замахшарийнинг барча асарлари бугун бой илмий-маданий мерослар қаторида илм-маърифат йўлидаги инсонлар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими мудири