Қадимий Чағониён (ҳозирги Денов) Мовароуннаҳрнинг маданий марказларидан бўлган. XIV асрнинг 90-йилларида Нақшбандия сулукининг давомчиларидан бири Шайх Аттор Вали ҳазратларининг Бухорои шарифдан бу ерга келишлари Чағониёнда 
илм-маърифатнинг янада гуллаб-яшнашига сабаб бўлади.
Ҳазрат Шайх Аттор Вали Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг куёвлари ва етук шогирдларидир. У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Алоуддин Аттор Бухорий асли хоразмлик бўлиб, Бухоро мадрасасида таълим олиб, “аълам” унвонига сазовор бўлади.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг “Одоб” китобида ҳамда “Тазкиратул-авлиё” асарининг иловасида у зот ҳақларида бундай таъриф берилади: “Хожа Алоуддин Аттор ўзлари бой-бадавлат оиланинг фарзанди бўлсалар-да, аммо табиатан хокисор, илмга иштиёқманд, ҳалим зот эдилар. Бухоро мадрасасида зоҳир илмлар таҳсилига машғул эди. У мадрасада ўқиб юрган кезлари Хожа Нақшбанд ҳазратларидан таълим олди”.
“Нафоҳотул унс” ва “Насоимул муҳаббат” китобларда Алоуддин Аттор ҳақларида бундай дейилган: “Хожа Нақшбанд кўплаб шогирдларининг таълим-тарбиясини у зотга буюриб, дер эдилар: “Алоуд­дин бизнинг юкимизни енгил қилибдир...”. Саййид Журжоний айтади: “То мен Шайх Зайниддин Али кулол суҳбатига етмагунча, эътиқоддаги иллатдан қутулмадим. Хожа Аттор мажлисига боғланмагунча, Аллоҳни танимадим!”.
Шайх Аттор Вали ҳазратлари умрининг охирги йилларини Чағониёнда ўтказиб, бу заминда маданият ва маърифатнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшди. Хожа Шайх Аттор ҳазратларининг бизга бир қанча ҳикоя ва насиҳатлари етиб келган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшуностлик инс­титути манбалар хазинасида 890-рақам остидаги рисолада бундай дейилади:
– Иложи борича бировни оғирини енгил қилсин.
– Ҳеч кимга оғирини туширмасин.
– Халқдан таъмани бутунлай узсин.
– Имкон борича бировга фойда келтирсин.
Хожа Шайх Аттор Вали ҳазратлари милодий 1400 йил вафот этади ва Денов заминига дафн қилинади. У кишининг маърифатни ёйиш йўлидаги ҳаракатларини авлодлари ва шогирдлари давом эттирганлар. Хусусан, ўғиллари Шайхулислом Хожа Ҳасан ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда катта эътибор қозонган. У зотга Ҳиротда Темурий ҳукмдорлардан Шоҳруҳ Мирзо ихлосманд бўлган. 
Истиқлол шарофати билан улуғ аждодларимизнинг қадамжолари обод этилди. Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқларида: “Модомики ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур...” дея таъкидлаганлар. 
 
Абдуллахон МИРЗАЕВ,
Сурхондарё вилояти Денов тумани                  
 “Домулло Афанди” жоме масжиди имом-хатиби