Араб тилида ёзилган манбаларни мутолаа қилар экансиз, Бухорий, Самарқандий, Шоший, Термизий, Насафий, Хоразмий, Кеший, Фарғоний, Намангоний дея танилган юзлаб, балки минглаб олимларнинг исмига ва улар ёзган нодир асарларга дуч келасиз. Улар ҳақида айтилган мақтовлар, уларнинг илм даражалари ва қилган хизматларини ўқисангиз, беихтиёр шундай зотларнинг авлоди эканингиздан фахрланасиз. Ана шундай зотлардан бири, улуғ муҳаддис Абу Исо Термизийдир.
Имом Термизий ҳижрий III асрнинг аввалида – 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўртаҳол бир оилада таваллуд топган (Ибн Асир). Имом Заҳабий “Сияр аълам ан-нубало” китобида унинг таваллудини ҳижрий 210 сана бошларида, деб келтирган.
Имом Термизийнинг тўлиқ номи Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок бўлиб, куняси Абу Исодир. Имом Термизийнинг ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди.
Имом Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийнинг фақатгина: “Бобом асли марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган”, деган сўзини келтирадилар.
Имом Термизий умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун у зотга “Зарийр” деган тахаллус берилган.
Абу Исо Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, тенгдошларидан алоҳида ажралиб турган. Термизийнинг юксак салоҳияти ўша давр­нинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида яққол намоён бўлди. Бўлғуси олим илм талабида фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар унинг илмий сафарга чиқиши 240/850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошланганини, илм талабида узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, Бухоро, Марв, Рай, Басра, Куфа ва Ҳижоз (Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган.
Имом Термизий кўп ўрганиш ва изланишлар натижасида даврининг забардаст олими бўлиб етишди. Абдулкарим Самъоний у ҳақда: “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз, ўз асрининг имомидир”, деган. Ҳоким Абу Аҳмад: «Мен Умар ибн Алакнинг: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ”, деб айтганини эшитганман», дейди.
Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил ражаб ойининг ўн учинчисида, душанба куни ўзи туғилиб ўсган Буғ қишлоғида вафот этди. Ҳозир у зотнинг қабри Ўзбекистондаги машҳур зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.
Имом Термизий жуда кўп асарлар ёзиб қолдирган. Улар орасида “Шамоили Муҳаммадия” алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу китоб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шамоиллари борасида ёзилган энг улуғ ва фойдали манба ҳисобланади. Муаллиф ушбу китобда мавзуни чиройли услубда тартибга солган ва мухтасар ҳолда жамлаган. Асар ўқувчига малол келадиган даражада батафсил ҳам, мақсадни ифодалашда камчилик пайдо қиладиган даражада қисқа ҳам эмас. Ибн Касир “Ал-Бидоя ван ниҳоя” китобида: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шамоиллари борасида илгари ҳам, ҳозирда ҳам китоб ёзганлар кўп. Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг китобини шамоил борасида жуда фойдали ва аъло даражада ҳадисларни жамлаган асардир. У зот бу йўналишда машҳур “Шамоили Муҳаммадия” китобини ёзган. Каминада у зотга етадиган муттасил санад мавжуд», деган.
Мулла Али Қори китоб ҳақида: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ахлоқлари ва шамоиллари борасида ёзилган китобларнинг энг гўзали Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия”  асаридир. Бу китобни ўқиган киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргандек бўлади ва ҳар бобда у зот (алайҳиссалом)­нинг шарафли хислатлари ҳақида тасаввур ҳосил қилади”, деган.
“Шамоил” сўзи луғатда инсоннинг хислатлари, сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, ахлоқ-одоби каби маъноларни билдиради. “Фалончи гўзал шамоил эгаси” дейилганда унинг ахлоқи гўзал экани тушунилади. Шунинг учун Имом Термизий ва у зотдан бошқа аҳли илмлар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сифатлари, ахлоқлари, одоб­лари ва шунга тегишли бўлган бошқа хислатларни “шамоил” деб номлаганлар. Имом Термизийнинг “Шамоил” китоби турли номлар билан нашр қилинган. Бу номлардан энг машҳурлари “Шамоили Набавийя” ёки “Шамоили Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)” бўлиб, бу номлар энг кўп ишлатилган. Баъзан “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоили Мустафо” номлари ҳам ишлатилади. Гоҳо олимлар китобни муаллифига ҳам нисбат бериб “Шамоили Термизий” ёки “Шамоили Термизийя” деб ҳам ишлатганлар.
Китобнинг турли номланишига сабаб унинг умумий муқаддимаси йўқлигидир. Чунки муаллифлар одатда, китобнинг кириш қисмида унинг қайси мавзуда ёзилгани, номи нима экани ва йўналишини баён қиладилар. Имом Термизий бўлса, басмала ва ҳамд айтгандан сўнг тўғридан-тўғри китобни бошлаб кетган. Шунинг учун китоб турлича номланган.
Имом Термизийнинг шамоили китоблари Ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан бири ҳисобланади. Китобнинг қўлёзма нусхалари ададини аниқлаш жуда мушкул. Чунки баъзи қўлёзма нусхалар шахсий фондларда сақланаётган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган “Шамоили Муҳаммадия” китобининг қўлёзма нусхалари қуйидагилар:
1. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган форс тилидаги шарҳ. Шарҳловчи Абул Хайр Фазлуллоҳ ибн Рўзбаҳондир. Бу китоб “Шамоили Муҳаммадия” асарининг форс тилига таржимаси бўлиб, аввал арабча матн ёзилган. Сўнгра ёзув остидан форсча ёзилиб, кенг услубда шарҳланган. Китоб № 2351 рақами остида сақланади.
2. “Жамъул Васоил шарҳи Шамоил” китобининг қўлёзма нусхаси, № 422 рақами остида сақланади. Ушбу қўлёзма жуда равон насх хатида кўчирилиб, ҳижрий 1231 сана рабиул аввал ойида тугалланган.
3. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган арабча шарҳ. Шарҳловчи исми номаълум, чунки қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари йўқ. Қўлёзма № 461 рақами остида сақланади.
4. Жамланма китобда келган қўлёзма нусха бўлиб, №441 рақами остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 1350 санада кўчирилган.
5. “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ҳижрий 990 санада Маккаи мукаррамада кўчирилган қўлёзма нусхаси. У 90 варақдан иборат бўлиб, № 481 рақами остида сақланади.
6. XVI асрга оид яна бир қўлёзма эса 104 варақдан иборат. “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ушбу қўлёзмаси 1980 йили офсет босмада чоп этилган бўлиб, унга Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари қисқача сўзбоши ёзган. У № 2797 рақами остида сақланади.
“Шамоили Муҳаммадия” асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Уларни бирон бир адад билан чегаралаш мумкин эмас. Ҳозиргача қи­линган илмий тадқиқотлар шуни кўр­сатдики, китобга ёзилган шарҳлар 80 тадан ошиқроқ бўлиб, уларнинг номлари тарих китобларида келгандир.
Туркий шарҳлардан энг машҳури шайх Ҳисомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Нақшбандийнинг шарҳларидир. Китоб ўзбек, инглиз, француз, урду, форс каби дунёнинг бир неча тилларига таржима ҳам қилинган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратлари кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Хусусан, у зот “Шамоил” асарида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқ-атворлари, ташқи кўринишлари, амалга оширган ишларини мукаммал тарзда баён этиб берган. Уни мутолаа қилган китобхон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни янада яқиндан танийди. Аллоҳ таоло бу бобокалонимизнинг хизматларини қабул этиб, жаннатдаги мартабаларини юқори қилсин!
 
Манбалар асосида Қибрай тумани 
“Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби 
Обиджон Мирҳамидов тайёрлади.