Замахшарийнинг ўринбосари" деган фахрли номга эга бўлган Абул Фатҳ Носир ибн Абу Мукаррам Абдуссаййид Мутарризий Фақиҳ Ҳанафий Наҳавий Хоразмий 1143 йилда туғилган. Унинг "Ал-мисбаҳ фин-наҳв" ("Наҳв илми шамчироғи") асари араб грамматикасига бағишланган йирик асарлардан бири ҳисобланади.

Ўрта асрларда машҳур бўлган "Кофия", "Ал-унмужаз фин-наҳв", "Тафсири Иззий", "Мият омил", "Алфия" каби асарлар сирасига алломанинг "Ал-мисбаҳ фин-наҳв" асарини ҳам киритиш мумкин. Асар араб тилини осон ва содда усулда ўзлаштириш учун мўлжалланган. Мутарризийнинг юксак даражадаги устозлик маҳорати ушбу асарда яққол намоён бўлган.

Асарнинг асосий манбалари сифатида ҳозирда Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган 3312- ва 8709-рақамли қўлёзма нусхалари олинди. Ибн Ҳаликон: "Мутарризий жуда маш­ҳур адиблардан бўлган, уни "Хоразм адиби" дейишган. У кўплаб шеърлар ва уч юздан ортиқ араб ва форс тилларида қасидалар ёзиб қолдирган", деб ёзган. Карл Броккельман аллома ҳақида бундай ёзади: "Хоразмлик Абу Фатҳ Носир ибн Абдуссаййид Мутарризий ҳижрий 601 йилда ҳаж зиёратидан сўнг Бағдод шаҳрига боради, у ерда бир гуруҳ фиқҳ олимлари билан учрашиб, баҳс-мунозаралар олиб боради. Бағдодда адиблар ундан таҳсил оладилар".

Аллома "Ал-мисбаҳ фин-наҳв" асаридан ташқари, бир қанча асарлар ёзиб қолдирган. "Шарҳу ал-мақомати ал-Ҳаририй", "Ал-мўъроб фи шарҳи ал-Муғриб", "Ал-муқаддимату ал-Мутарризий", "Ал-иқнаъ фил-луға", "Мухтасарул ислаҳ ли Ибн ас-Сиккийт", "Ал-иқнаъ лима ҳувия таҳта ал-қанаъ", "Рисалату фин-наҳв", "Рисалату фи иъжази ал-Қуръон", "Ал-Муғриб", "Мухтасарул Иқнаъ", "Мухтасар ислоҳ ал-мантиқ" асарлари шулар жумласидан.

Қоҳира университетининг доктори Абдулҳамид ас-Саййид Талаб алломанинг  "Ал-мисбаҳ фин-наҳв" асари қўлёзма нусхаларини кўриб чиқиб, ушбу китоб неча юз йиллардан бери ўрганилмай, шу кунгача қўлёзма ҳолатида етиб келганини қайд этади. Доктор асар қўлёзмасини ўрганиб, шарҳлади. Уни янги кўринишда ўқувчиларга тақдим этди. Доктор наҳв китоблари орасидан бу қўлёзма асарни танлаганини бундай изоҳлайди: "Асар ҳажми ихчам, иборалари қисқа ва содда, шу билан бирга, наҳв илмининг барча бобларини тартибли равишда жамлаган. Уни қисқа вақт ичида ўқувчи бемалол барча қирраларини ўрганиб олиши мумкин". Дарҳақиқат, асарда наҳв масалаларининг асосий тамойиллари мухтасар кўринишда баён қилинган.

Абул Фатҳ Мутарризий 1213 йили 70 ёшида Хоразмда вафот этган (Аллоҳ у зотни раҳматига олсин).

 

Фотима ҲИКМАТОВА,

Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси