Ҳадис илми ривожида Кеш воҳасидан етишиб чиққан олимларнинг ўрни беқиёсдир. Мана шундай олимлардан бири Абу Умар Ҳафс ибн Абу Ҳафс Кеший (айрим араб манбаларида Киссий) Ғазнаёнийдир. Унинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тарихчи олим Абу Саъд Самъоний "Ал-ансоб" ("Насабнома") китобида Ҳафс ибн Абу Ҳафс Ғазнаёний ҳижрий 300 йилдан олдинроқ юз ёшда бўлганини, шогирдларига ҳадис айтганини қайд этади. Бундан Ғазнаёний милодий IX–X асрларда яшагани маълум бўлади.

Олим Ғазнаён қишлоғида туғилган, шу сабабли исмига "Ғазнаёний" нисбаси ҳам қўшилади. Ҳозирги Кеш ҳудудида Ғазнаён номидаги қишлоқ ёки бирор жой учрамаса-да, барча манбаларда Имом Абу Умар Ҳафс ибн Абу Ҳафс Ғазнаёнийнинг туғилиб ўсган жойи Кеш воҳаси экани қайд этилган. Бу номдаги қишлоқлар Ҳирот ва Хоразм воҳаларида ҳам бўлган. Лекин Кеш воҳасидаги Ғазнаён қишлоғидан чиққан олимлар Ғазнаёний нисбасига Кеший нисбасини ҳам қўшганлар.

Абу Умар Ҳафс Ғазнаёний ўз даврининг йирик муҳаддислари – Яҳё ибн Абдулғаффор, Абу Саид ибн Ато Журжоний, Абу Иброҳим Исҳоқ Кеший Самарқандийдан ҳадис илмини ўрганган ва улардан бир қанча ҳадислар ривоят қилган. Олимнинг ўзидан эса шогирдлари Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Шоҳ Самарқандий ва Исо ибн Ҳусайн Касбавий ҳадис ривоят қилган.

Тарихчи Самъоний маълумотларига кўра, Ғазнаёний умрининг сўнгги йилларини Самарқандда шогирдларига ҳадис айтиш билан ўтказган.

 

Музаффаржон ЖОНИЕВ,

Имом Бухорий халқаро маркази ҳадисшунослик бўлими мутахассиси