Муфтий Саид Аъзам ўғли Убайдулло Азимов (Убайдулло домла) 1897 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида зиёли оилада таваллуд топган.
У дастлабки диний сабоқни бобоси, мадраса мударриси Набишо домладан ва отаси Саид Аъзамдан олган. Насаби Саид Амир Али Ҳамадонийдан Имом Ҳусайн ўғли Зайнулобидинга боғланади. Домла Убайдулло Самарқандда Ислом асослари, тарих, фиқҳ, Қуръон, тиббиёт илмларини ўзлаштиради. Отаси Муфтий Саид Аъзам қувғинга учраб, 1928 йилда Самарқанддан чиқиб кетган. Убайдулло домла ҳам ўтган асрнинг 30-йилларида чекка Сурхон воҳасига келиб қолади. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Денов туманида деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, кўпчилик қатори у киши ҳам фронторти ишчи батальонига жўнатилади.
Урушдан қайтгач, Сурхон воҳасида масжидлар очилишига рухсат бўлгандан кейин, домла Убайдулло ҳайит намозларини, жума намозларини ўқиб бера бошлайди.
1954 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раҳбарларидан Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда қози Абдурашид домла келиб, масжидни расмий очадилар ва Азимов Убайдулло домла ушбу масжидга имом-хатиб этиб тайинланади.
1957 йилда Убайдулло домла ташаббус­корлигида, оқсоқоллардан мулла Абдулло бобо Алимов, Юсуфжон бобо, Самад бобо, Мамасиддиқ бобо, Раҳмон оқсоқол, Давлатниёз оқсоқол ва мутавалли Нарзи бобо Хақназаров раҳбарликларида янги масжид биноси қурилади.
Убайдулло домла кўп йиллар давомида Сурхондарёда талабаларга Қуръон илми, фиқҳ, араб тилидан таълим берди, диний, маърифий тадбирларда, маросимларда фаол иштирок этади. Аҳоли, айниқса, ёшларни маънавиятли, одоб-ахлоқли бўлиб тарбия топишида шижоат кўрсатди.
Бир гуруҳ деновликлар қози Абдурашид домла ҳузурига диний масала ечимини сўраб боради. Қози Абдурашид домла зиёратчиларнинг қаердан эканликларини аниқлагач: “Сизларда Убайдулло домла бор. Бу масалани мендан эмас, Убайдулло домладан сўрашингиз керак. У сизга батафсил жавоб беради”, дейди.
Убайдулло домла кўплаб шогирдларни етиштирди. Жумладан, Садриддин қори Абдураззоқов, Салимжон қори Мелиқулов, Авазхон Ҳайдаров, шайх Дўстмуҳаммад Турсунов, Саид Қосим домла, Саид Абдурашид домла, Саиднўъмон домла, Ўрол домла, Берди домла, Валихон эшонбобо, мулла Акбархонлар шулар жумласидандир. Шогирдларининг гувоҳлик беришича, Убайдулло домла уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турган, қобилиятлари янада очилиши учун юқорироқ илм масканларига йўналтирган.
Улардан Авазхон Ҳайдаров “Мир Араб” мадрасасида дастлаб мудир ўринбосари, кейин мадраса мудири, Садриддин Абдураззоқов “Мир Араб” мадрасаси мударриси, Салимжон Мелиқулов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи ўринбосари, Дўстмуҳаммад Турсунов “Саид Оталиқ” мад­расаси мударриси, Ҳабибулло Нуриддинов Денов туманидаги “Абу Ҳанифа” масжиди имом-хатиби, Мулла Мўмин эса Олтинсой туманидаги “Миршоди” масжидининг имом-хатиби бўлган.
Убайдуло домланинг илмий мероси шўро давридаги эътиборсизликлар боис сақлаб қолинмаган. Убайдулло домла 1970 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида вафот этган ва “Бобо Денов” қабристонига дафн қилинган.
 
Хайруллоҳ МАРДОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси