Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр ибн Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Яъқуб Бухорий Калободий Ҳанафийдир.  У зот замонасининг муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим, муфассир ва мутасаввиф олимлардан бўлиб, «Тожул ислом» («Ислом тожи») ва «Дарбони Бухоро» («Бухоро дарвозабони») номлари билан ҳам машҳур бўлган. 
Манбаларда Имом Яъқуб Бухорийнинг қачон туғилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Фақатгина Бухоро шаҳри яқинидаги Калобод (Гулобод) қишлоғида дунёга келгани ва милодий 990 ёки 995 йилда вафот этгани баён этилган. 
 
Яъқуб Бухорий бошланғич таълимни ўзи туғилиб ўсган қиш­лоқда олган. Чунки ўша пайт­да  аллома туғилган Калобод қишлоғида Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Калободий, Абул Қосим Убайдуллоҳ Калободий, Абу Саҳл Абдулкарим ибн Абдураҳмон Калободий каби замонасининг етук уламолари бўлган. Аллома яна Аҳмад ибн Наср  Нишопурий ва Муҳаммад ибн Фазл Бухорий, Абу Ҳафс Сағир Бухорий каби олимлардан таълим олади.
Калободий маълум муддат қозилик лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. 
Алломадан кўплаб шогирдлар таълим олган. Аҳмад ибн Али Моямарғий ва Али ибн Муҳаммад Исфахоний каби олимлар Калободийнинг машҳур шогирдларидир. 
Яъқуб Бухорий Калободий асарларининг аксарияти бизгача етиб келмаган. У зот асарларининг катта қисмини ҳадисга оид китоблар ташкил этади. Манбаларда алломанинг «Арбаъин фил ҳадис», «Амоли фил ҳадис» каби асарлар ёзгани, «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»ни шарҳлагани келтирилади. Бизгача етиб келган «Баҳрул фавойид» номли асарида беш юз тўқсон икки ҳадис жамланган. Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий»  ҳамда Абдурауф Мановий «Файзул Қодир» асарларида Калободий тўплаган ҳадисларга таянган.
Яъқуб Бухорийнинг «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳлит тасаввуф» асари Мовароуннаҳрда турли мазҳаб ва таълимотлар таъсирида шариат аҳкомларидан узоқлашиб бораётган тасаввуф таълимотининг ҳанафия фиқҳи асосида ислоҳ этилишига хизмат қилган.
Баъзи манбаларда Яъқуб Бухорий Калободийни фиқҳда ҳанафийлик, ақидада суннийликка асосланган Мовароуннаҳр тасаввуфшунослиги асосчиларидан бири дейилади.
Шайх Яҳё Суҳравардий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Агар Яъқуб Бухорий Калободийнинг «Ат-Таъарруф» асари бўлмаганида эди, биз тасаввуф нима эканини билмай қолган бўлардик», дейди.  
«Ат-Таъарруф» асарининг қўлёзма нусхаларидан бири Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази хазинасида 3154-V тартиб рақами остида сақланмоқда. 
Калободийнинг шахси ва илмий мероси Ғарб ва Шарқ мамлакатлари шарқшунослари томонидан ҳам ўрганилган. Жумладан, эрон, рус ва инглиз олимлари ўз тадқиқотларида алломанинг асарларидан фойдаланган.
Яъқуб Бухорий Калободийнинг илмий мероси, жумладан, унинг «Ат-Таъарруф» асари борасида Ўзбекистонда ҳам тадқиқотлар олиб борилди.
2002 йили Отақул Мавлонқул ўғли ва Мавлуда Отақул қизи алломанинг «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳлит тасаввуф» асарини арабчадан «Тасаввуф сарчашмаси» номи билан ўзбек тилига таржима қилган.
 
Тошкент ислом институти талабаси 
Фазлиддин ПАРПИЕВ
тайёрлади.