Қадимги Чағониён, ҳозирги Денов тумани Амир Темур даврида муҳим маданий-маърифий масканлардан бири бўлган. XIV асрнинг 90-йилларида нақшбандия тариқатининг муршидларидан Шайх Аттор Валийнинг Бухорои шарифдан Чағониёнга келишлари маданият ва маърифатнинг янада ривожланишига туртки бўлди.

У Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг куёви ва шогирдидир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Алоуддин Аттор Бухорий, аждодлари хоразмлик бўлишган. Бухоро мад­расасида илм олиб “Аълам” унвонига сазовор бўлган.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хонийнинг “Одоб” китоби ҳамда “Тазкиратул авлиё” асарининг иловасида у зот ҳақида қуйидагилар битилган: “Хожа Алоуддин Аттор ўзлари бой-бадавлат оиланинг фарзанди бўлсалар-да, аммо табиатлари фақирга мойил, илмга берилган, хизматлари юксак зот эдилар. Бухоро мадрасасида илм таҳсилига машғул бўлган пайтларида, остларида эски бўйра, бошларида пишиқ ғиштдан ёстиқ ва олдиларида китоб қўйиш учун тахтадан ясалган лавҳ мавжуд эди. Хожа Алоуддин Аттор мадраса таълимида давом этган ҳолда, бир томондан Хожа Нақшбанд суҳбатларига қатнар ва бу ҳаракатларидан у зотнинг камолот сари юксалаётганлари маълум бўлар эди”.
У ҳанафий мазҳабини маҳкам тутиб, фирқаларнинг ботил ақидаларига қарши курашган. Хожа Нақшбанд кўплаб шогирдларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни Аттор Валийга топшириб, бундай дер эди: “Алоуддин бизга ҳейли юкни енгил қилибдир...”. Саййид Журжоний эса: “То мен Шайх Зайниддин Алий кулол суҳбатига етмагунча, эътиқоддаги иллат бўлмиш инкордан қутулмадим ва то Хожа Аттор мажлисига боғланмагунча, Аллоҳни танимадим!” дер экан.
Ҳазрат Нақшбанд вафот этгач, васиятларига кўра Хожа Алоуддин Аттор Чағониёнга келиб, муқим яшаб қолди. У милодий 1400 йил 18 март куни вафот этди. Чағониёнда дафн қилинди. Мустақиллигимиз шарофати билан Шайх Аттор Валий зиёратгоҳи қайта таъмирланиб, янада чирой очди.
Ҳозир бу файзли масканга юртимизнинг барча вилоятлари, ҳатто чет эллардан ҳам зиёратчилар келиб, маънавий озуқа олишмоқда.
 
Абдуллахон Мирзаев,
Денов туманидаги “Домулло Афанди”
жоме масжиди имом-хатиби