Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий VIII асрда Ўрта Осиёда яшаган муҳаддис ва муфассирлардан бири бўлган. Дастлабки таълимни Марв олимларидан олган ва кўп юртларга сафар қилган. Саҳобалардан Ибн Умар, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳум)лар билан учрашган. Куфада ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан дарс олган. Ироқ, Шом, Ҳижоз, Яман каби мамлакатларга бориб, Қуръон ва ҳадисларга оид илмларни ўрганган.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий муҳаддис ва фақиҳ бўлибгина қолмай, адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратган, турли мавзуларда бир қанча асарлар ёзган. Айниқса, ҳадис тўплашга катта эътибор  қаратган.
Ровийларнинг айтишича, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий тўрт минг шайхдан ҳадис тўплаган. У бу ҳақида: “Бир минг юз шайхдан ҳадис ёзиб олдим. Уларнинг ичида улуғлардан Суфён Саврий ҳам бор эди”, дейди.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг “Китоб аз-зуҳд вар рақоиқ” асари машҳур. Олимнинг “Тафсир” номли асар ёзганлиги манбаларда қайд этилган, бироқ у бизгача етиб келмаган.
“Китоб аз-зуҳд вар рақоиқ”, “Китоб ал-Бирр вас сила” асарларида Қуръони каримнинг баъзи бир оятлари тафсирига оид ҳадислар билан бир қаторда, саҳобий ва тобеинларнинг таъвиллари ҳам келтирилган.
Қуйида Марвазийнинг баъзи оятларга тафсирини келтирамиз:
«Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро,24). Бу оятни Марвазий ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадис ва Ҳишом ибн Урва (раҳимаҳуллоҳ)нинг отасидан ривоят қилган: “Улар хоҳлаган нарсаларини ман этмагин ёки қилмай қолмагин”, деган сўзлар билан тафсир қилган.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайси бир мўмин банданинг ота-онаси ҳаёт бўлса, у банда учун Аллоҳ жаннатнинг икки эшигини очиб қўяди. Улардан бири ҳаёт бўлса, бир эшигини очиб қўяди. Агар отаси ёки онаси фарзандидан ғазабланадиган бўлса, токи улар рози бўлмагунича Аллоҳ бу фарзанддан рози бўлмайди. Саҳобалар сўрадилар: “Агар ота-она зулм қилса-чи?” “Зулм қилган бўлса ҳам”, деб жавоб қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).
«Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!..» (Нисо, 1). Бу оят тафсирида Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий бундай дейди: “Одам Ато ва Момо Ҳавводан кўплаб ўғил-қизлар дун­ёга келди. Улар ҳам ўз навбатида оила қуриб, фарзандлар кўришди, шу тариқа ер юзида инсонлар кўпая бошлади. Улар ернинг турли жойларида макон қуришиб, шароит тақозоси билан турли қавмларга, қабилаларга ва миллатларга бўлиниб кетдилар. Уларнинг тиллари ҳамда урфу одатлари ўзгарди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг иродаси билан бўлди”.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг асарлари кейинги давр муфассир, муҳаддис ва фиқҳ олимлари фаолиятига катта таъсир этган манба бўлди. Кўплаб шогирдлар етиштирди. Ўша давр олимлари Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийни “Хуросоннинг фақиҳи”, “Уламоларнинг саййиди” каби номлар билан таърифлаганлар. Асарларида у зот шаънига “илмда талабчан, обид ва зоҳид, шижоатли ва сахий, фасоҳатли ҳамда етук шоир” каби таърифлар келтиришган.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий илм билан шуғулланишдан ташқари тижорат касбини ҳам яхши эгаллаган. Аммо тижоратдан мақсади мол-дунё тўплаш эмас, балки тўпланган бойликни илм ва ибодат аҳлига, зоҳид ва қарздорларга, шу жумладан, толиби илмлар, шогирдлари ва уламо биродарларига хайр-эҳсон қилиш бўлган.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий ҳижрий 181 йилнинг Рамазон ойида, Ҳийт шаҳрида, 63 ёшида вафот этган.

Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳридаги “Қатортол” масжиди имом-хатиби