Машҳур фақиҳ ва мутафак­кир Алоуддин Усмандий Самар­қандийнинг тўлиқ исми – Абул­фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандийдир. Кўпгина манбаларда унинг 1095 милодий (488 ҳижрий) йили Самарқанд қишлоқларидан бири Усмандда таваллуд топиб, 1157 (552 ҳижрий) йили 64 ёшида вафот этгани таъкидланади.

Аллома фиқҳ илмини устози Ашраф ибн Муҳаммад Алавийдан олган. Ҳадис илмини эса Ислом тарихида “Садруш шаҳид” лақаби билан машҳур Умар ибн Абдулазиз ибн Моза Бухорийдан ўрганган.
У зот фиқҳ, ҳадис ва калом, шунингдек, мазҳаблараро фарқларни ўрганадиган илмул хилоф бўйича етук олим сифатида чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун унга илм аҳли орасида “Ал-алоул олам” (“оламнинг устуни”), “Ал-ало” (“устун”), “Ал-алоус Самарқандий”, “Алоуддин” (“Диннинг устуни”) каби шарафли номлар берилган.
Алоуддин Усмандий шогирдларининг машҳури – Абулмузаффар Жамол Ислом Асъад Каробисий (лақаби “Жамолул ислом”). “Ал-фуруқ фил масоилил фирақия” (Фирқалар ҳақидаги масалалар ўртасидаги фарқлар) асари муаллифидир.
Машҳур тарихчи Абдулкарим Самъоний (1113–1167) ўзининг “Ал-ансоб” (“Насабнома”) асарида: “Ўғлим Абул­музаффар (ваф. мил. 1217) у киши (Алоуддин Усмандий)дан ҳадис эшитган”, деб келтиради. Бундан алломанинг ҳадис ровийси ҳам бўлганини англаймиз.
«Ҳидоя» асари муаллифи, буюк фақиҳ Бурҳонуддин Марғинонийнинг (1123–1197) ўғли Шайхулислом Низомуддин Умар ҳам Усмандийнинг шогирдларидан бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Манбаларда келтирилишича, Абу Муқотил Ҳафс ибн Саҳл Ғозий, Наср ибн Абу Абдулмалик Аткий, Самарқандда қозилик қилган – Исҳоқ ибн Иброҳим Ханталий, Шарик ибн Абу Муқотил, Маъруф ибн Ҳассон, Юнус ибн Сабиҳ Самарқандий ҳам алломанинг шогирдлари бўлишган.
Алоуддин Усмандий бой илмий-маънавий мерос қолдирган. Энг машҳурларини санаб ўтсак:
1. “Ҳасрул масоил ва қасруд далоил” (Муайян масалалар ва қисқа далиллар). Бу Нажмуддин Умар Насафийнинг “Ал-манзума фи илмил хилоф” асарига шарҳ, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида учта қўлёзма нусхаси сақланади. Бу асарга ҳам Имом Суғдий, Абулмафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд Судайсий ва бошқалар шарҳ битишган.
2. “Тариқатул хилоф фил фиқҳ байнал аимматил аслоф” (Ўтган алломалар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилофлар). Муҳаммад Закий Абдулбарр тадқиқ этиб, 1990 йили Қоҳирада (“Дорут турос”) нашр эттирган. 1992 йили эса Шайх Али Муҳаммад Муъавваз ва Шайх Одил Аҳмад Абдулмавжуд таҳқиқ этиб, Ливан (Байрут, “Дорул кутубил илмийя”)да нашр эттирган.
3. “Базлун назар фил усул” (Фиқҳ асосларига чуқур назар) Муҳаммад Закий Абдулбарр тадқиқ этиб, 1992 йили Қоҳирада (“Дорут турос”) чоп эттирган.
4. “Ат-таълиқа фил фиқҳ” (Фиқҳ илмида изоҳ), “Ат-таълиқатул оламия” номи билан машҳур бир неча жилдли асари фуруъ – фиқҳ (тармоқлари) мавзуидадир.
5. “Ал-амолий фит тафсир” (Тафсир илмида имло қилинган масалалар) асари ўзига хос тафсирдир.
6. “Лубобул калом” (Калом илмининг жавҳари) асарининг икки қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида 347- ва 1704-рақамлари остида сақланади.
7. Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлас сунна” асарига тўрт жилдлик шарҳ.
8. Абу Лайс Наср ибн Муҳам­мад Самарқандийнинг “Уйунул масоил” китобига шарҳ;
9. “Жомиъул кабир”га шарҳ;
10. “Ал-фавоидул Алоийя” асари;
11. Шайх Нуруддин Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Собуний Ҳанафийнинг “Ал-ҳидоя мин усулил эътиқод ва илмил калом” асарига шарҳ.
Бундан ташқари, алломанинг фиқҳ бўйича “Мухталафур ривоя”, ҳанафий мазҳабига оид “Ал-муътариз вал мухталиф” номли асарлари ҳам борлиги манбаларда қайд этилган.
 

Отабек МУҲАММАДИЕВ, Имом Бухорий халқаро маркази нашриёт бўлими бошлиғи