Хожа Али Ромитаний (раҳматуллоҳи алайҳ) "Ҳазрат Хожаи Азизон" номи билан маълум ва машҳурдир. Бухоро вилояти яқинидаги Ромитан мавзеида туғилганлар, Хоразм вилоятида вафот этганлар. У зот зоҳир ва ботин илмларида ўз даврининг пешқадами, етук уламоси сифатида танилган эди. "Рашаҳот"да Хожаи Азизон тўқувчилик қилиб ўз рўзғорлари эҳтиёжларини таъминлаганлари ёзилган. У зот ҳақида уламолар ҳурмат-эҳтиром билан сўзлар битишган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги мисралари у зот ҳақидадир:
Гар на илми ҳол фавқи қол буди, кай шуди
Банда аъёни Бухоро хожа-йи нассожро?!
(Яъни, ҳол илми қол илмидан устун бўлмаса, Бухоро уламолари тўқувчига хизматкор бўлишармиди?!)
Қуйида Хожаи Азизон Али Ромитанийнинг бир муборак рисоласини аслиятдан таржима қилиб, қисқартириб эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Ҳазратнинг ҳикмат билан йўғрилган бу мўъжаз рисоласи кўнгил оламингиз равшан тортишига, имонингизнинг қувват топишига сабаб бўлади, деган умиддамиз.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
"Жаннатни ва жамо­лул­лоҳни умид қилган одам бу ўн шартга қатъий риоя айламоғи лозимки, мақсуди ҳосил бўлсин".

Биринчи шарт. Одам доимо таҳоратли бўлиши лозим. Тўрт хил таҳорат бордир: зоҳир таҳорати; ботин таҳорати; дил таҳорати; сирр таҳорати.
Зоҳир таҳорати барчага – авому хосга маълум таҳоратдир. (Ҳадисда айтиладики:  "Таҳорат намознинг калити,  намоз эса жаннатнинг калитидир".)
Кийим (ички ва ташқи либослар) поклигига ҳам диққат айламоқ лозимки, фойдаси кўпдир.
Ботин таҳорати – ҳаром луқмадан ва ҳаром ичимликлардан сақланиш, ҳалол луқмали бўлишдир. Ҳадисда келгандирки, киши бир луқма ҳаром еса, унинг қирқ кунгача на фарзи, на нафл намози, яъни ҳеч бир тоат-ибодати ва дуоси қабул бўлмас.    
Дил таҳорати – ёмон феъл-атвор­лардан, гина-кудурат, буғзу адоват, ҳасад, макру ҳийла, хиёнат ва дунё муҳаббатидан кўнглини пок тутишдир. Зеро, кўнгил назаргоҳи Ҳақ таолодир. Кишининг қалби инсонийликка нолойиқ сифатлардан пок бўлмас экан, унинг намоз ва тоатлари қабул бўлмагай ва банда манзури Ҳақ бўлмагунча унга ишқи илоҳий муяссар бўлмас.
Сирр таҳорати – Ҳақ субҳонаҳу ва таолога сидқидилдан таважжуҳ айлашдир.
Иккинчи шарт – сукут. Яъни, тилни бемаъни гап-сўзлардан тийиш, уни Қуръон қироати, амри маъруф ва наҳй мункар билан машғул этиш, илму одоб таълимига астойдил талабгор бўлиш.
Учинчи шарт – хилват ва узлат. Бундан мақсад номаҳрамларга назар айламаслик, боқмасликдир. Зеро, Жаноб Расулуллоҳ (ул зотга ва аҳлларига Аллоҳ таолонинг раҳматлари ва саломлари бўлсин!) айтдиларки: "Номаҳрамларга қараш ҳаромдир. Шунингдек, чиройли ўғлон-ўсмирларга шаҳват назари билан қарамоқлик ҳам ҳаромдир".
Ҳар кимки "номаҳрамларга қараш ҳалол" деса ва ё "номаҳрамларга караш жоиз" деса, у кимсанинг куфридан қўрқилур.
Узлатнинг бошқа фойдаси – қўлига эҳтиёт бўлиш. Токи қўл мумкин бўлмаган нарсаларга узалмасин. Шунингдек, оёқларга эҳтиёт бўлиш. Токи оёқ мумкин бўлмаган жойларга бормасин. Шунингдек, қулоқларга эҳтиёт бўлиш. Токи қулоқ ғийбат, бўҳтон, ёлғон-яшиқ ва бемаъни гап-сўзларни эшитмасин. Чунки у (бу аъзоларнинг барчаси) нафснинг ёрдамчиси бўлиб, (ақлга эмас, нафсга тобе бўлганида инсонга) энг ашаддий душманга айланади.
Тўртинчи шарт – рўза тутиш. Рўзанинг фойдаси руҳонийликка интилмоқ, нафси амморага қаҳр айламоқдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Рўза Мен учун тутилгай, унинг мукофотини Ўзим бергайман".
Рўзанинг савоби бениҳоя. Рўза боис шайтоннинг йўллари тораяди. Одам боласи сабр-қаноатга ўрганади.
Бешинчи шарт – зикр. Энг фазилатли зикр: "Лаа илаҳа иллаллоҳ (Муҳаммадун расулуллоҳ)" калимасидир.
Олтинчи шарт – хавотирни (кўнгилга келадиган ўйларни) назорат қилиш.
Хавотир тўрт хил бўлур: раҳмоний хавотир, малаконий хавотир, шайтоний хавотир ва нафсоний хавотир.
Раҳмоний хавотир – ғафлатдан уйғонишдир.
Малаконий хавотир – тоатга тарғибдир.
Шайтоний хавотир – маъсиятга талаб айламоқдир.
Нафсоний хавотир – шаҳватни талаб айламоқдир.
Еттинчи шарт – Аллоҳ таолонинг ҳукмига (тақдирига, қазосига) рози бўлиш. Ҳар ишда, ҳар доим Аллоҳ таолога таваккул айламоқдир.
Саккизинчи шарт – солиҳ инсонларнинг суҳбатида бўлиш. Фасод аҳлидан ва заифаларнинг суҳбатидан қочиш. Чунки улар толиби содиқнинг маънавий тараққий айлашига тўсиқ бўлади. Ҳатто номаҳрамга боқиш ҳам маънавий тараққий этишга тўсиқдир.
Тўққизинчи шарт – бедорлик ва Аллоҳ таолога муҳаббат. Ҳақ йўлининг соликлари ҳар неки давлат, неки саодат топдилар – кечаси бедор бўлиш билан топибдилар.
Ўнинчи шарт – луқмага алоҳида эътибор бериш. Бу аслида фарздир. Токи луқмаси ҳалол ва пок бўлсин.
Ҳалол улдирки, ейилганида у Аллоҳ таолога осийликка сабаб бўлмасин. Тоййиб улдирки, уни еб-ичган вақтда "Тоат-ибодатга қувват бўлсин", деган ният билан еб-ичилур. Ҳалол нарса пок бўлур ва уни зинҳор исроф айламагай.
Аллоҳ  таоло  бизларни  ва  барча  суйганларимизни  ҳалолу  тоййиб  билан ризқлантирсин! Омин, ё Раббал оламийн.
 

Баҳриддин УМУРЗОҚОВ нашрга тайёрлади.