Ҳазрат Қосим Шайх Азизон (XVI аср) Кармана тупроғида, Маржонхотин қишлоғида таваллуд топган. Зарафшон дарё­сининг қирғоғида жойлашган бу қишлоқ ҳозирги Навбаҳор туманининг Митан қишлоғи сарҳадларига тўғри келади. Тарихий манбаларда туғилиш санаси, ота-онаси, биринчи устозлари, ўқиган мадрасалари хусусида аниқ маълумот йўқ. Қосим Шайх дастлаб Карманада таҳсил олган. Кейинчалик самарқандлик тасаввуф намояндаси Хожа Мулла Вали Азизонга мурид тушиб, ўн беш йил хизматида бўлган. У зот оламдан ўтганидан сўнг, устознинг васиятига кўра, бир муддат одамларнинг диний масалаларига жавоб берган. Илмга бўлган ташналик уни Бухорога етак­лайди. У ерда кубравия тариқати намояндаларидан бири Шайх Абдуллатифдан таълим олади ва устозининг ижозати билан, илм талабида яна Самарқандга, ҳазрат Дарвеш Шайх Азизон даргоҳига йўл олади. У ерда кўплаб зикр мажлисларида қатнашади. Қосим Шайх Азизон “Маноқиби”да ўз тилидан: “Биз тўрт силсиладан рухсат олганмиз” дейиши, ҳар тўртала тариқат: кубравия, қодирия, яссавия, нақшбандия шайхларидан таълим ва пирлик ижозатини олганини англатади. “Ламаҳот мин нафаҳот ул-қудс” асарида Қосим Шайхнинг яссавия тариқати силсиласи ўн учинчи ҳалқасининг муршиди экани қайд этилган.
Қосим Шайх Азизон илм-маърифати билан халқ орасида юксак ҳурмат қозонган. У умрининг иккинчи босқичини Карманада ўтказган. Бу ерда эзгулик тарғиботи, муридлар тарбияси билан бир қаторда, мамлакатни бошқарув ишларида ҳам фаол иштирок этган. XVI асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб эл-юрт осойишталигини таъминлаш мақсадида Қосим Шайхнинг муҳим воқеаларга аралашуви кучаяди. Искандархон ибн Жонибек Султон ва унинг ўғли Абдуллахон II Қосим Шайхни пир тутади. Қосим Шайх кўп йиллар давомида Мовароуннаҳрда қатор ҳукмдорлар ўртасидаги низоли масалаларни ижобий ҳал этиб, уларнинг ҳурматига сазовор бўлади.
Қосим Шайх ҳам бошқа яссавия вакиллари сингари, ҳикматнавислик анъанасига мувофиқ, сўфиёна ғазаллар, ҳикматлар битган. Тадқиқотчи олимлар айтишича, Қосим Шайх Азизон қаламига мансуб ҳикматлар “Девони ҳикмат”нинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари ҳошия ва иловаларида учрайди.
Қосим Шайх Азизон 1579 йилнинг 28 февралида 78 ёшида вабодан вафот этади ва унга атаб қурдирилган хонақоҳ қаршисида дафн этилади.
Мухтасар қилиб айтганда, у замонасининг етакчи маънавий раҳнамоси сифатида: яссавия тариқати мавқеини юксалтирди, Карманани маърифат марказига айлантирди, ҳукмдорлар ўртасида ўзаро сулҳ ва битимлар тузилишининг сабабчиси бўлди. Шунинг учун ҳам ҳаётлик чоғидаёқ, Бухоро ҳукмдори Амир Абдуллоҳхон унинг шарафига 1558 йили Карманада кўркам хонақоҳ қурдиради. Бу хонақоҳ мустабид тузум даврида омборхона, кинозалга айлантирилган эди.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг ташаббуси билан Қосим Шайх Азизон мақбараси ва бутун мажмуа тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, кўркам ҳолатга келтирилди ва улкан зиёратгоҳга айланди. Масжидда ибодат учун барча шароитлар муҳайё қилинди. Ҳозир ҳар йили бу ерда хатми Қуръон ўтказилмоқда. Бир йили Рамазон ойида Аллоҳнинг Каломига соме бўлган, ёши тўқсондан ошган бир отахоннинг кўзда ёш билан: “Бу масжидда хатмона охирги марта 1918 йилда ўтказилган эди. Ўшанда бобом раҳматли мени ҳам етаклаб келганини эслайман. То истиқлолга эришиб, эркимиз қўлга киритилган йилларгача – олтмиш йилдан ортиқ муддат давомида бу масканда хатми Қуръон тугул, ўтганларни ёд этиб, тиловат қилиш ҳам амримаҳол эди”, деб хотирлагани ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.

Тоҳир РЎЗИЕВ,
Навоий вилояти бош имом-хатиби