Ҳанафий фиқҳининг Мовароуннаҳрда кенг тарқалишида Бурҳониддин Мар­ғиноний­нинг ўрни ва хизмати беқиёс­дир. Алломанинг шоҳ асари – “Ҳидоя” ҳақи­да мам­лакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов бундай деган эди: “Марғинонийнинг ўлмас мероси, хусусан, “Ҳидоя” (тўғри йўл) деб аталган китоби, мана саккиз асрдирки, мусулмон мамлакатларида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Айниқса, бу мумтоз асарнинг Европа халқлари тилларига ҳам таржима қилингани, бутун дунёда катта қизиқиш билан ўрганилаётгани, унга турли тилларда кўплаб шарҳ ва изоҳлар битилгани Марғиноний меросининг умумбашарий аҳамиятидан далолат беради”.

Бурҳониддин Марғиноний 1117 (ҳижрий 511) йили 23 сентябрь куни Фарғона водийсининг Рошидон (ҳозирги Риштон тумани) қишлоғида туғилган. Манбаларда Бурҳониддин Марғиноний ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг авлодидан экани келтириб ўтилган. Унинг отаси ҳам ўз даври олимларидан бўлган. Бурҳониддин Марғиноний дастлабки билимини отасидан олган. У ёшлик чоғиданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, фиқҳ илмидан ҳам мукаммал билимга эга бўлган. Аллома ҳадис илмини аввал Зиёуддин Абу Муҳаммад Саид ибн Асъад Марғинонийдан ўрганган. “Китобул машойих” (шайхлар китоби) асарида ўзи таълим олган қирқдан ортиқ фақиҳлар, шайхлар ва олимларни санаб ўтган. Абу Ҳафс Умар Насафий, Муҳаммад ибн Исмоил Исфижоний, Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз, Тожиддин Аҳмад ибн Абдулазиз каби олимлар шулар жумласидан.

Марғиноний таълимни асосан Риштон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мо­вароун­наҳрнинг бошқа шаҳарларидаги фақиҳлардан олиб, ҳанафий мазҳабининг буюк олими сифатида машҳур бўлган ва “Шайхул Ислом” деб эътироф этилган.

Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ бўйича “Бидоятул мубтадиъ” (бошловчилар учун қўлланма) асарини ёзиб, ундан кейин бу асарига 8 жилдли шарҳ – “Кифоятул Мунтаҳий” (якунловчилар учун тугал таълимот)ни ёзган. Кейинчалик фиқҳ йўналишида яна бир муҳим асари “Китобул ҳидоя” (қисқача номи “Ҳидоя” – тўғри йўл)ни тасниф этган. Бурҳониддин Марғиноний бу китобда ўша замонларда мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалаларни, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли жуда кўп мураккаб муаммоларнинг ечимини берган. “Ҳидоя” асари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Ислом оламида машҳур бўлиб кетган, бир неча тилларга таржима этилган. Аллома “Ҳидоя”ни 13 йил давомида рўзадор ҳолда ёзган. Асар 57 китобдан иборат бўлиб, фиқҳнинг барча жабҳаларини қамраб олган. “Ҳидоя” энг мўътабар ҳуқуқий қўлланма сифатида 8 асрдан буён бутун Ислом олами, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳинд яримороли, Туркия ва кўп араб мамлакатлари учун энг дақиқ ва ишонарли манбалардан бири бўлиб келмоқда. “Ҳидоя” Миср Араб Республикасидаги энг қадимий дорулфунун “ал-Азҳар”, Афғонистон Ислом дорулфунуни, Ҳиндистон Алигарх университети, “Девбанд” каби ўқув юртларининг ўқув дастурларига киритилган. Бу асар Ислом ҳуқуқшунослиги тизимини ўрганишда асосий манбалардан бири сифатида фойдаланиб келинмоқда.

“Ҳидоя” фақат Ислом ҳуқуқшунослари учун эмас, балки Fapб ҳуқуқшунос олимлари учун ҳам жуда эътиборли ҳуқуқий манба сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Бурҳониддин Марғинонийнинг бошқа яна бир қанча асарлари мавжуд бўлиб, улар “Нашрул мазҳаб” (мазҳабнинг тарқалиши), “Китобут тажнис вал мазийд” (илмни зиёда қилувчи китоб), “Китобул фароиз” (мерос китоби), “Мазийд фи фуруъил ҳанафий” (ҳанафий фиқҳига қўшимчалар), “Китоб маносикул ҳаж” (ҳаж маросимлари ҳақидаги китоб), “Мухторун навозил” (нозил бўлган нарсалар мажмуаси) ва бошқа асарлар ҳисобланади.

Олимнинг таълим-тарбия ва одоб-ахлоққа доир кўплаб панду насиҳатлари ҳам мавжуд: “Кибрга кетган олимдан, катта бузуқлик келиб чиқади. Ундан ҳам каттароқ бузуқлик манбаи, обидлик ва зоҳидлик даъвосини қилган жоҳил кишидир”; “Мутакаббир олим билан обид ва зоҳидлик даъвосини қилувчи жоҳил оламдаги энг катта фитнадир. Мутакаббир олим ва жоҳилга эргашиш эса катта фитнага асосдир”.

“Ҳеч қачон, илм ўрганиш ишида узилиш юз бермаслиги керак, чунки бу, катта йўқотишга олиб боради. Мен илм ўрганиш жараёнида, ҳеч қачон узилишга йўл қўймаганим сабабли, барча сафдошларимдан ўзиб кетдим”. “Тангри тавфиқи ва ёрдамида танланган ривоятлар билан кучли ақлий далилларни уйғунлаштириб, «Ҳидоя» деб аталган бир шарҳни ёзишга киришдим”.

Буюк олим умрининг охирларида Самарқандда яшаб, ижод этиб, 1197 милодий (ҳижрий 593) йили зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанба оқшомида вафот этган. Буюк фақиҳ, «Раддул мухтор» асарида келтирилишича, Самарқанддаги 400 га яқин Муҳаммад исмли фақиҳлар дафн этилган «Турбатул Муҳаммадин», яъни Муҳаммадлар қабристонига дафн этилган. Бу қабристон тарихда “Чокардиза” номи билан машҳурдир.

Олимнинг фарзандлари ва набираларидан ҳам пешқадам уламолар ва фақиҳлар етишиб чиққан:

1. Имодуддин Муҳамад ибн Али ибн Абу Бакр ибн Абдужалил Фарғоний Марғиноний фиқҳ илмини ўз отаси Бур­ҳониддин Марғинонийдан ўрганган. Фатво чиқарадиган даражада илмга эга бўлган. “Одобул Қози” ва бошқа асарлар муаллифи.

2. Шайхул Ислом Низомиддин Умар ибн Али ибн Абу Бакр Фарғоний Марғиноний. Фатво чиқарадиган даражада илмга эга бўлган. “Жавоҳирул фиқҳ”, “ал-Фавоид” ва бошқа кўплаб асарлар муаллифи.

3. Жалолиддин Муҳаммад ибн Али ибн Абу Бакр Фарғоний Марғиноний. Фиқҳ илмини отаси Бурҳониддин Марғинонийдан олган. Фатво бериш даражасига кўтарилган аллома бўлган, аммо унинг асарлари ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган.

4. Абдул Аввал ибн Бурҳониддин Али ибн Имодуддин ибн Жалолиддин, “Ҳидоя” соҳиби Бурҳонуддин Марғинонийнинг набираси. Бу зот фақиҳ, муҳаддис, муфассир ва ғоят тақводор киши бўлган.

5. Абдурраҳим Абул Фатҳ Зайниддин ибн Али ибн Абу Бакр. Фиқҳ илмини отаси Имодуддиндан ўрганган. “Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғинонийнинг набираси.
Абул Фатҳ Зайниддин Абдурраҳим ибн Имодуддин Фарғоний Самарқандда яшаган. Манбаларда ёзилишича, у 1254 йил Самарқанд шаҳрида суд маҳкамаларига доир «Ал-Фусулул Имодия» номли асар ёзган.

Юртимизда бу улуғ фақиҳ ва унинг меросига муносиб эҳтиром кўрсатилмоқда. 2000 йили аллома таваллудининг 910 йиллиги катта тантана билан нишонланди. “Адолат” нашриётида “Ҳидоя” асарининг биринчи жилди 10000 нусхада чоп этилди. Айни пайтда, аллома асарларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш борасидаги эзгу ишлар давом эттирилмоқда. Унинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш ёшлар маънавий камолоти ҳамда ҳуқуқий билимини оширишда катта аҳамиятга этадир.

Шукрулло УМАРОВ,
Имом Бухорий халқаро маркази
илмий котиби