Мумтоз ўзбек адаби­ё­тида тасаввуф анъаналарини изчил давом эттириб, ўзига хос мактаб яратган шоир ва аллома Сўфи Оллоёр 1644 йилда Каттақўр­ғон беклигига қарашли Минглар қишлоғидаги Темирёр хонадонида туғилган. У дастлаб қишлоғидаги мактабда савод чиқариб, кейи­нчалик Бухоро мадрасаларида ва Жўйбор олимларидан таълим олади. Шоир бир қанча пайт Бухорода Абдулазиз саро­йида солиқ йиғувчи бўлиб ишлаган.

У зот фақат шоир бўлибгина қолмай, йирик илоҳиётчи, фақиҳ, мутакаллим ҳамдир. Аллома Имом Аъзам Абу Ҳанифа таълимотини ривожлантириш йўлида самарали меҳнат қилди. Ақидага оид "Саботул ожизин", фиқҳга доир "Маслакул муттақин" асарлари жуда маш­ҳур. "Саботул ожизин" асари Қозон, Озарбойжон каби бир қанча хорижий мамлакатларда чоп этил­ган ва мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган.

Ривоятларга кўра, Сўфи Оллоёр Бухородан ўз қишлоғига қайт­гач, акаси, Пайшанба беги Фарҳод Зарафшон дарёси ёқасига бир нечта ҳужралардан иборат хонақоҳ қуриб беради. Бора-бора Сўфи Оллоёрнинг шогирдлари кўпайиб, бу ер девор билан ўралади ва аста-секин қўрғонга айланади. У Самарқанд ва Бухоро оралиғидаги бошқа қўрғонларга қараганда каттароқ бўлиб, "Каттақўрғон" номини олади.

Сўфи Оллоёр бир қанча вақт Қашқадарё ва Самарқанд ўртасидаги хушҳаво жой (Чўнқаймиш қишлоғи)да ҳам яшайди. Ке­йинчалик, Сурхондарё вилояти Денов туманининг Боботоғ этагидаги Вахшивор қишлоғини маскан қилади.

Вахшивор қишлоғи дарёнинг икки қирғоғида жойлашган бўлиб, улар "Кичик Вахшивор", ва "Катта Вахшивор" деб аталади. "Катта Вахшивор"да "Сўфи Оллоёр" масжиди бор.

Манбаларда айтилишича, масжид 1713 йили қурилган. Масжиднинг шимоли-шарқий қисмида икки айвон, қўшимча хона ва ҳовли мавжуд бўлиб, у ерда улкан дарахт, ундан ташқари дарвоза ва жанубдан шимолга қараб ҳовлини кесиб ўтган катта тоғариғи бор. Иморат тўғри бурчакли "Г" шаклидаги иккиёқлама айвон билан туташган. Айнан шу ерда шимоли-шарқий тарафдан ичкарига кириш учун йўл бор. Бундан ташқари, учта жануби-ғарбий кириш йўллари олиб борадиган, ганчли панжара шаклида қурилган деразалари бор иморат ўзгача кўрк бағишлаб турибди. Иморат синч­дан қурилган, икки қават девор билан ўралган. Масжиднинг ташқи тарафида кулбалар бор. Меҳроб қисми чуқурроқ бўлиб, тўртта устун қўйилган. Айвонда арабча ёзувлар ёзилган еттита, залда эса олтита чиройли ва бақувват устунлар мавжуд. Масжид 1961 йилда қайта таъмирланган.

Сўфи Оллоёр шу ерда 1724 йили вафот этиб, дафн қилинган.

 

Жўрабек ИШАЕВ,

Тошкент Ислом институти битирувчиси