Тўлиқ исми Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид Паздавий бўлган бу зот мотуридия таълимотининг йирик намояндаси ва давомчисидир. У киши соф ақидавий қарашларни ҳимоя этгани сабабли "Садрулислом" номини олган. Олим 421/1030 йили Насаф, ҳозирги Қарши шаҳрида туғилган. Унга берилган "Паздавий" нисбаси эса Насаф шаҳридан олти фарсах масофада жойлашган "Пазда" ёки "Базда" деган қўрғон номидан олинган. Паздавийнинг ёшлик йиллари тўғрисида маълумотлар манбаларда деярли учрамайди. У дастлабки сабоқни отаси Абулҳусайн Муҳаммад Паздавийдан олди. Кейинчалик бир қанча ҳанафий олимларидан Ислом асосларини чуқур ўрганди. Паздавийнинг етук фақиҳ бўлиб етишишида Исмоил ибн Абдуссодиқ, Абу Яъқуб Юсуф ибн Мансур Саёрий, Абу Яъқуб Юсуф ибн Муҳаммад Найсабурий ва Шайх Имом Абулхаттоб каби олимларнинг ўрни беқиёс бўлди. Мовароуннаҳрда, айниқса, Бухорода ҳанафия мазҳаби ва мотуридия калом мактабининг ривожланишига Абулюср Паздавийнинг хизмати сингган. Олим мамлакат пойтахти Самарқанд­га кўчиб келгач, шофиъий ва ашъарийларнинг ҳанафий таълимотига қарши фаолиятини фош қилишда жонбозлик кўрсатди ҳамда Имом Мотуридий ва Абу Ҳанифанинг Ашъарийга нисбатан устунлигини далиллар билан ҳимоя қилди.

Аллома Имом Муҳаммаднинг "ал-Жомиъ ас-сағир" асарига шарҳ сифатида "Таълиқот" ва ҳошия сифатида "ал-Мураттаб" рисолаларини, фиқҳга оид "ал-Воқиъат", "ал-Мабсут" ва калом илмига бағишланган "Усул ад-дин" асарларини ёзди.

Паздавий асарлари орасида "Усул ад-дин" алоҳида аҳамиятга эга. Аллома ушбу китобини тўқсон олтита масала кўринишида баён қилиб, унда турли ақидавий масалалар, жумладан, биринчи бўлимда калом илмини ўрганиш ва ўргатиш ҳукми ҳақида, охирги тўқсон олтинчи бўлимда эса мотуридийларга қарши бўлган фирқалар ҳақида сўз юритган. Ушбу асар аҳли сунна вал жамоа йўналиши ва мотуридия мактаби фикрларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган "Аҳл аз-зайғ вал бидаъ" (Адашганлар ва бидъатчилар) тоифасининг таъсирини камайтириш учун ёзилган.

Ушбу китобни шарқшунос олим Ҳанс Петр Лансс 1952 йили қайта ўрганиб чиқди ва 1963 йили нашр қилди. Кейинчалик Шарофиддин Гулсук уни турк тилига таржима қилиб, 1980 йил Истанбулда "Аҳли сунна ақоиди" номи билан чоп эттирди.

 

Омон ҚОДИРОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти битирувчиси