Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Диё­римиздан етишиб чиққан мутафаккирлар, олиму фузалоларнинг бебаҳо маънавий мероси неча асрдирки, дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Респуб­ликамизнинг жанубида жойлашган Сурхон воҳасидан ҳам ислом оламида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган зотлар етишиб чиққан. Ҳаким Термизий, Абу Исо Муҳаммад Термизий, ал-Варроқ Термизий, Юсуф Ҳаёт Термизий, Абу Музаффар Термизий, Саййид Бурҳониддин Ҳусайн Термизий каби алломалар шулар жум­ласидандир.

Термиз шаҳри Ўзбекистон ҳудудида энг қадимги шаҳарлардан бири бўлиб, муборак зиёратгоҳларни ўзида мужассам этган йирик маданият ўчоғи ҳисобланади. Зотан, бу масканда улуғ олим Ҳаким Термизийнинг мангу қўним топгани ҳам фикримизнинг исботидир.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий йирик мутасаввиф ва машҳур олим бўлган. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, у “машойихи бибиорлардан” ҳисобланади. Алишер Навоий “Насойимул муҳаббат” асарида аллома ҳақида батафсил маълумот бериб, қатор диний-фалсафий асарлар муаллифи эканини алоҳида қайд этган. Олимнинг таваллуд топ­ган санаси ҳа­қида ман­ба­лар ва ада­­би­ётлар­да тур­ли маълу­мот­лар кел­ти­ри­лади. Алло­ма ўзининг маш­­ҳур “Наврўз­нома” аса­рида: “Аллоҳ таоло юз йи­гир­­­ма йил умр бер­ди” деб ёзга­­ни­­­ни ҳисобга ол­­сак, таваллу­ди­­­га оид турфа маълу­мот­лар ичи­­да милодий 749 йил санаси ҳа­­қи­­қатга яқинлиги ойдинлашади.

Таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг “Кашф уз-зунун” номли машҳур асарининг бир неча ўринларида Ҳаким Термизий вафотини ҳижрий 255 (милодий  869) йил деб кўрсатган. Шунинг­дек, алломанинг мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақи­да баъзи маълумотлар келтири­либ, вафот этган санаси ҳижрий 255 (ми­лодий  869) деб ёзил­ган. Олим ҳаёти давомида 400 дан ортиқ асар ёзган.

Истиқлолнинг дастлабки йил­­лариданоқ Ҳаким Терми­зий­нинг меросини ўрганиш ва у зот номи билан боғлиқ иншоот­ларни янгилаш борасида хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ёд­горлик мажмуасининг тарихий қиёфаси сақ­лаб қолинган ҳолда, за­монавий асосда таъмирланди. Жумладан, 2008–2010 йиллар­да катта ҳажмдаги таъмир­лаш иш­лари натижа­си­да маж­муа­нинг уму­мий майдони 10 гек­­­тарга кенгайтирилди. Маж­муа­да Термизий ал­ломалар ҳаёти ва илмий меросига оид музей барпо этилди.

Ҳозирда, мажмуа ҳудудида жами 4 мингдан ортиқ кўп йиллик манзарали дарахтлар парваришланмоқда. Мажмуадаги анвойи гулларнинг ифори, камалакдек кўзни қувнатувчи жилолари беихтиёр кишининг баҳру дилини очади. Бугун ушбу мажмуа нафақат юртдошларимизнинг маънавий-руҳий оламини бойитмоқда, балки кўплаб хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этмоқда.

Сурхондарёнинг Шеробод туманида яна бир улуғ бобокалонимиз, ҳадис илмининг асосчиларидан бири, муҳаддис олим, кўплаб асарлар муаллифи – Абу Исо Термизий зиёратгоҳи бор.

Олим ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ, ҳозирги Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Чуқуркўл қишлоғида таваллуд топган. Нуриддин Аттор “Ал-Имом Термизий вал-Мувазанат байна жомиъиҳи ва байнас-саҳиҳайн” китобида Имом Термизий Шерободдаги Буғ қишлоғида ўрта ҳол оилада ҳижрий 209 йилда таваллуд топганлигини ёзади.

Тарихчи олим Абу Саъд Абулкарим Самъоний (1113–1167)нинг “Китоб ал-асноб” китобида: “Имом Термизий Буғ қишлоғида 279 ҳижрий йили, милодий 892 йил ражаб ойининг 13-кунида, душанба куни вафот этади ва Буғ қишлоғига дафн қилинди”, дейилган.

Абу Исо Термизий муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг шогирди сифатида Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросон, Дамашқ каби шаҳарларга бориб, илмул қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фанларни мунтазам ўрганган. Натижада, йирик қомусий олим бўлиб етишган.

Ислом оламида юксак эътирофга сазовор бўлган Абу Исо Термизий мангу қўним топган зиёратгоҳ Шеробод туманининг шарқий томонидан олти километр масофада жойлашган бўлиб, мақбаранинг олд тарафига шинам айвон қурилган.

Ҳозир зиёратгоҳда кенг миқёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, яхлит мажмуа ҳолатига келтирилмоқда. Ён-атрофлар кенгайтирилиб, кутубхона ва мажмуа атрофида хиёбон, замонавий лойиҳа асосида  намунавий уйлар қуриш ишлари қизғин давом этмоқда.