Ана шундай буюк аждодларимиздан бири, машҳур муҳаддис, ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Зарир Термизий Буғийдир. 209 ҳижрий санада (824 милодий йилда) Термиз шаҳрида таваллуд топган. Алломанинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бобом асли марв­лик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар”.

Имом Термизийга "Буғий" деб нисбат берилишининг сабаби, ул киши Буғ қишлоғида таваллуд топгани ёки кейинчалик шу ерда истиқомат қилганлиги эҳтимоли боисидандир. Ҳар ҳолда алломанинг Буғ қиш­лоғига мансуб­лиги Термизий атамасига зид эмас, чунки Буғ қишлоғи Термиз шаҳридан олти фарсаҳ шимолда  жойлашган.

Имом Термизий ёшлик чоғидан илмга катта қизиқиш ва иштиёқ кўрсатди. Самарқанд, Бухоро, Марв, Термиз ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини ўргана бошлади. Имом Термизий ҳадис ўрганиш мақсадида 235 ҳижрий йилдан бош­лаб ислом дунё­сининг турли шаҳар ва мамлакатларига сафар қилди. Ҳижоз, Ироқ, Хуросон ва бошқа жой­ларда бўлиб, машҳур муҳаддис уламолар билан мулоқот қилди. Улардан таълим олди. Ҳадисларни тўплаб, ўрганиб, ҳар бир ҳадиси шарифнинг исноди, ривоят қилувчилар ва аслини тадқиқ этиб, аниқлагачгина ўзининг машҳур «Жомеъус саҳиҳ» китобини ёз­ди. «Жомеъус саҳиҳ» ёки «Сунани Термизий» деб аталмиш ушбу ки­тоб мусулмонлар ўртасида катта эътибор қозонган.

Имом Термизий ўз устози Имом Бухорийдан ҳадис илмини ўрганди. 250–255 ҳижрий йилларда Нишопур шаҳрида истиқомат қилган Имом Бухорийнинг атрофида тўпланган кўплаб шогирдлари ва издош­ларининг энг машҳурларидан бири Имом Термизий эди. «Сунани Термизий»даги кўпгина тарихий ҳужжатлар ва унинг сўнг­ги боби Имом Бухорий билан бўлган суҳбатлар маҳсули ўла­роқ бунёд этилган.

Имом Термизий ҳаёти давомида кўпгина асарлар ёзиб, келажак авлодга улкан мерос қолдирди. Ул зотнинг «Китоб ал-Жомеъ ас Саҳиҳ» ёки «Сунани Термизий», «Китоб Илал» («Илал сағир ва Илал кабир»), «Китоб ат тарих», «Китоб аш шамоил ан Набавия», «Китоб аз зуҳд», «Китоб ал-асмо вал куня» каби асарлари шулар жумласидандир.

Имом Термизий юксак ах­лоқий ва инсоний фазилатларга бой, шунингдек, заковат ва зеҳн соҳиби, фаннинг турли соҳала­рида чуқур билимга эга эди. Тақвода алоҳида ажралиб турар, кўп меҳнат ва ижод қилар, ах­лоқсизликни қоралар эди. Ул зот доимо илм-фанни тарғиб қилар, кишиларни илм олишга даъват этарди. Айни вақтда мулойим­лик ва хушфеъллик ул зотнинг гўзал фазилатларидан эди. Умр шоми­да алломанинг кўзлари ожиз­лашди. Ҳижрий 279 йили, 70 ёши­да вафот этди.

Имом Термизийнинг Ислом равнақи йўлидаги, хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини мусулмонларга етказишдаги хизматлари бе­қиёсдир.

Камолиддин ЖАМИЛОВ,
Сурхондарё вилояти
Сариосиё тумани