* * *
Абу Исо Муҳаммад Термизий Маккага ҳажга бораётганида, йўлда машҳур муҳаддислар билан мулоқотда бўлади ва уларнинг биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилади. У олим: “Қоғоз-қалам ол”, дейди. Аксига олиб шу пайт Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракатлантирган. Олим эса турли-туман ҳадислардан етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга кўзи тушиб, унда ҳеч қандай ёзув йўқлигини кўргач, Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиққан. Термизий шунда бамайлихотир: «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?»  дегану, ҳозиргина эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини ўша тартибда такрор айтиб берган. Термизийнинг кучли хотирасидан олим ҳайратга тушиб, қойил қолганини билдирган.

Шамсиддин Заҳабий

* * *
Имом Термизий ўз китоблари “Ал-Жомиъ” ҳақида шундай деганлар: “Мен бу китобни  тасниф қилганимдан кейин Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Улар ўқиб чиқиб ўз розиликларини мамнуният билан изҳор этдилар".
Бу ҳадис бобида тасниф этилган “Кутуби ситта” (Олти улуғ китоб)нинг учинчисидир. Бу китоб “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишончли тўплам) дейилади, шунингдек, “Сунан” ҳам деб аталади. Аммо биринчи номи кўпроқ қўлланади.

Мустафо Котибий Чалабий ибн Абдуллоҳ

* * *
Сен мендан фойда топганингдан кўра ҳам мен сендан кўпроқ фойда топдим.

Имом Бухорий

* * *
Муноқашасиз (баҳсу мунозарасиз), чиройли таърифларсиз ҳам,  у ўз асрининг имоми бўлиб, турли китоблар соҳибидир.

Абу Саъад Абдулкарим Самъоний
* * *

Термизий имом ва ҳофиз эди. Бебаҳо асарлар тортиқ қилди. “Ал-Жомиъ ал-кабир” (“Катта тўплам”, яъни “Сунани Термизий”) бу асарларнинг энг мукаммалидир”.

Ибн  Асир

* * *

Ҳадис илмида иқтидо этиладиган (яъни изидан эргашса бўладиган) имомлардан биридир.

Ибн Халликон
* * *

Тенгдошларидан, яқинларидан хотира ва иродада собитлик бобида бир мўъжиза эди.

 Абдулҳай ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий

* * *
Термизий тўплаган ҳар бир ҳадис ҳақида керакли изоҳни бериб, кўнгилларни хотиржам қилади.

Ҳофиз Абулфазл Мақдисий

 * * *

Билгилки, Имом Термизий ўз китобларида ҳадисни саҳиҳ, ҳасан ва ғарибга бўлганлар.

Ибн Ражаб Ҳанбалий
    
* * *

Имом Термизийнинг  “Аш-Шамоил” китоблари ўз бобида ягона асардир. Тартиби ва ўз ичига олган мавзулари жиҳатидан ягона бўлиб, нодир китоблар жумласидан ҳисобланур. Унинг овозаси машриқу мағрибга бориб етди.

Шайх Иброҳим Божурий
 

Манбалар асосида
Илҳом МАЪРУПОВ тўплади.