“Мирмирон” атамаси “мир” ва “мирон” сўз бирикмасидан ташкил топган бўлиб, “мир” “амир” сўзининг қисқарган шаклидир. “Он” эса форс тилидаги кўплик қўшимчаси бўлиб, “Мирмирон”  амирлар амири, мирларнинг мири деган маънони билдиради.
 
Кўҳна Насафга қарашли бўлган Мирмирон қишлоғида қадимда олийнасаб ҳисобланган “фахур” (кулол), насафийлар яшаган. Шундай кишилардан бири Мир Саййид Шамсиддин Фахур (кулол)дир. “Темур тузуклари” китобида: «Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. Шундан билдимки, ўйлаган кенгашим хато бўлмаган экан. Ўша тоғда бир ҳафтача кутиб ётдим, бир киши бўлса ҳам бизга келиб қўшилмади. Шунинг учун кенгаш тузиб, Бадахшон тарафга ўтиб, у ернинг шоҳлари билан қўшилишга қарор қилдим. Отланиб Амир Кулолнинг ҳузурига бордим. У зот менга Хоразмга боришимни буюрдилар. Менга зафар тилаб фотиҳа ўқигач, кетишимга рухсат бердилар. Саййид Амир Кулолнинг хизматларидан чиққанимда, ҳаммаси бўлиб олтмиш отлиқ менга ҳамроҳлик қиларди», дейилади. Мазкур китобда Амир Кулол шахсига изоҳ бериб: “Саййид Амир Кулол ёки Шамсиддин Кулол, Ибн Арабшоҳ уни Шамсиддин Фахурий (араб, фахур) деб номлаган. У Хожагон Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган шайхларидан, қаршилик машҳур мутасаввиф, Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг пирларидан биридир. Манбаларда ёзилишича, Насаф (Қарши) шаҳрида Хожа Баҳоуддинга “зикри хуфия” усулини ўргатган. У Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг ҳам пири бўлган. Шунингдек, Саййид Барака ва Зайниддин Тойбодий қатори Амир Темурнинг ҳам пирларидан бири ҳисобланган. Шамсуддин Кулол 1370 йилда вафот этган ва Кешда дафн этилган”, дейилади.
 
Мир Саййид Шамсиддин Фахур ҳақида яна француз профессори  Марсель Брион ўзининг “Менким, соҳибқирон-жаҳонгир Темур” асарида: «Шундан сўнг Амир Кулол меҳрибонлик билан кафтини бошимга қўйиб: “Эй давра аҳли, қаранг, бу йигитнинг пешонасида бир нур балқиб турибди. Унинг келажаги порлоқ. У бурун ўтган буюкларга насиб этмаган улуғликка эришади. У пайт эҳтимол тириклар сафида бўлмасман. Илло, сизларнинг аксарингиз Темур номи дунё бўйлаб шуҳрат қозонганига гувоҳ бўласиз!” деди. ...Бу воқеа ҳижрий 752 (милодий 1352–1353) йилда содир бўлди. Амир Кулол менинг келажагимни башорат қилди. Аммо ўша маҳал бу башорат амалга ошади, деган хаёлдан йироқ эдим. Уйга қайтгач, бу ҳақда отамга сўзлаб бердим. Отам уни жиддий қабул қилди. Амир Кулол улуғ инсон эканини айтиб, нимани буюрган бўлса, айтганидек бажаришим лозимлигини таъкидлади. Мен худди айтганидек бажардим. Самараси, мана, кўриб гувоҳи бўлиб турганингиздек – бутун жаҳон ҳукмдориман!» деб ёзади.
 
Соҳибқирон Амир Темурга Шайх Шамсиддин Кулол маънавий устозлик қилган, унга кўп масалаларда маслаҳатлар берган. Шу сабабли соҳибқирон Амир Темур: “Салтанатда қўлга киритган барча нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишимнинг ҳаммаси Шамсиддин Фахурий (Кулол)­нинг дуоси туфайлидир”, дейди. Шайх Мир Саййид Шамсиддин Фахур (Кулол) Амир Темур Самарқандда Мовароуннаҳр тахтига ўтирганидан етти ой ўтгач, 1370 йил 28 ноябрида оламдан кўз юмади. Маълумотларга кўра, Мир Саййид Шамсиддин Фахур (Кулол)­нинг қабри Шаҳрисабздаги “Кўк гумбаз” масжиди яқинида бўлган. 1374 йили Соҳибқирон Амир Темурнинг фармони билан Амир Тарағайнинг жасадини кўчириб жойлаштириш мақсадида гумбазли иморат(мақбара) барпо этилади. Бу мақбарада Амир Тарағай ва унинг пири Мир Саййид Шамсиддин Фахур (Кулол) жасади  бошқа қабристондан кўчириб келиб, дафн қилинади.
 
Мирмирон қишлоқ қабристонида ҳозиргача сақланиб қолган мармар тош бор, бу тошнинг узунлиги 2 метрга яқин. Маълум бўлишича, бу қабртош Мир Саййид Шамсиддин Фахур (Кулол) авлодига тегишлидир.
 
Руҳиддин АКБАРОВ,
Қарши туманидаги “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом-хатибиa