Абул Муин Насафий илму ирфонда етук, зиёли оилада улғайган. Алломанинг катта бобоси ўз даврининг таниқли кишиси Макҳул Абул Фазл Насафийдир. 
 
Аллома барча тарихий асарларда Насафий нисбаси билан аталган. Бу у зотнинг қадимги Насаф шаҳри (ҳозирги Қарши шаҳри)да таваллуд топганлигидандир. Абул Муин Насафий таваллуд этган сана ҳақида ёзган тарихнавислардан Хайриддин Зириклий «Ал-аълом»да ва Умар Ризо Каҳҳола «Муъжамул Муаллифин» номли асарида унинг ҳижрий 418 (милодий 1027) йилда Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганлигини қайд этади. Аллома бир қанча муддат Самарқандда, узоқ йиллар Бухорода истиқомат қилганлиги ҳақида манбаларда айтилган. Аллома фиқҳ ва ақида масалаларига доир кўплаб асарлар таълиф қилган. “Ал-Умда фи усулул фиқҳ”, “Баҳрул калом фи илмил калом”, “Табсиратул адилла фи илмил калом”, “Ат-Тавҳид ли қавоиъдит тавҳид фи илмил калом”, “Ал-Олим вал-мутааллим”, “Шарҳул Жомиъул кабир ли Шайбоний фи фуруъ” номли асарлар шулар жумласидандир. 
 
Нажмиддин Умар Насафий, Алоуддин Самарқандий, Абу Бакр Косоний, Абул Музаффар Талақоний, Аҳмад Паздавий, Абул Ҳасан Балхий, Абул Фатҳ Ҳилмий, Маҳмуд Соғаржий, Али ибн Ҳусайн Сакалкандий Абул Муин Насафийнинг етук шогирдлари ҳисобланади. 
 
Имом Абул Муин Насафий ҳижрий 508 (милодий 1114) йилда 87 ёшда вафот этган. Алломанинг қабри ҳозирги Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган.
 
* * *
Президентимиз шу йил 24–25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Абул Муин Насафий зиёратгоҳини кенг ва обод қадамжога айлантириш, зиё­ратчиларга зарур шароитлар яратиш, мазкур муборак масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берди.
 
Аҳмаджон БОЙҚОБИЛОВ,
Қарши  шаҳри бош имом-хатиби