Улуғ ватандошимиз Абу Исо Термизийнинг ҳаёт йўли ва қолдирган илмий мероси билан танишганда  уни ислом оламидаги улуғ олти муҳаддисдан бири дея тан олинганига амин бўламиз. Айниқса, алломанинг “Сунани Термизий” асари асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотган эмас. Бугунги кунда ҳам у асарнинг поклик, одоб-ахлоқ, ёш авлодни маънавий комилликка етаклашда ўзига хос ўрни алоҳида аҳамият касб этади. 
 
Мазкур асарнинг “Таҳорат китоби” боби таҳорат,  намоз, закот ва ҳалол йўл билан мол топиш фарзлигига оид муборак ҳадис билан бошланади. 
 
Ҳазрат Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таҳоратсиз кишидан намоз ва ҳаром пулдан садақа қабул қилинмайди”, дедилар».
 
Имом Термизий ҳадисни ҳар томонлама ўрганиб: “Бу ҳадис ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳи ва ҳасанидир”, деган.
 
Таҳоратнинг фазилати ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан: “Мусулмон (ёки мўмин) банда таҳорат олаётиб юзини ювганида кўзлари билан қараб қилган ҳар бир гуноҳи таҳорат суви билан ёки сувнинг охирги томчиси билан (ёки шунга ўхшаш таъбир қўлладилар) юзидан ювилиб тушади; қўлларини юваётганида қўллари билан содир қилган ҳар бир гуноҳи сув ёки сувнинг сўнгги қатраси билан қўлларидан тўкилади, ниҳоят, банда гуноҳларидан покланади”, деган ҳадисни ривоят қилади. Абу Исо Термизий бу ҳадис ҳақида ҳасан-саҳиҳ, деган фикрни билдиради. 
 
Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида обид ва олим зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олим кишининг обиддан афзаллиги, менинг сизларнинг энг қуйингиздан афзаллигим кабидир”, деб марҳамат қилдилар. Сўнг яна у зот  (алайҳиссалом): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи ҳақига дуо қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти)
 
Мазкур ҳадис бизга яхшилик ўргатувчи кишининг нақадар улуғ мартаба ва мақомга эгалигини кўрсатиб беради. Яна бошқа бир ҳадисда: “Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Дарҳақиқат, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам эмас, балки улар илмни мерос қолдиришган. Ким уни олса, катта бахтни қўлга киритибди”, дейилган. 
 
Имом Абу Исо Термизийнинг тўплаган ҳадис китобида покланиш ва дунё илмларини мукаммал ўрганишга тарғиб-ташвиқ этадиган ҳадислар ҳам мавжуд. Ўтган уламоларимиз: “Оз ўрганиб, уни амал қилиш умрингга кифоя қилсин”, деганлар. Бизларга у зотнинг илм ва ҳадис бобидаги ғайрат ва шижоат, қобилият ва истеъдодлари юксак намунадир. Чунки Имом Абу Исо Термизий ёшлик пайтидан ҳадис илмига меҳр қўйиб, уларни тўплашга алоҳида эътибор қаратади ва бу борада учраган қийинчиликларни енгиб ўтади. Ўзи  бирор ровийдан эшитган ҳадиснинг асли ва иснодини диққат ва огоҳлик билан аниқлаб, қайта-қайта текшириб, тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин уларни алоҳида қайд этиб боради. Шубҳали бўлиб кўринган ҳадисларни ҳам алоҳида қоғозларга битиб, саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб каби турларга ажратади. 
 
Имом Абу Исо Термизий вақтдан унумли фойдаланиш, зеҳнни хайрли ишларга сарфлаш орқали келажак авлодга умрбоқий асар қолдирди.
 
Муҳаддис олим ўз замонасида Ҳижоз, Ироқ ва Хуросондаги энг етук муҳаддис уламолар билан илмий суҳбат ва баҳс-мунозараларда бўлди. 
 
Биз улуғ муҳаддиснинг бой тажрибасини теран ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этмоғимиз керак. Чунки ҳозирги кунимизда хавф солиб турган барча ёвуз кучларга қарши ёшларимизда иммунитет ҳосил қилиш ва соғлом муҳитни шакллантиришда Имом Абу Исо Термизий каби бобокалонларимизнинг илмий меросини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
 
Ўрол МУСТАНОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири