Мамлакатимиздаги энг кўҳна шаҳарлардан бири Термизда илк ўрта асрлардан бошлаб илм-фан ва маданият ривожланган. Манбаларда у ердан етишиб чиққан юздан ортиқ олимлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Улар илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият олиб боришган. Жаннатмакон юртимиздаги Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши),  Хива, Шош (Тошкент), Термиз ва бошқа шаҳарлар бутун мусулмон Шарқидаги илмий-маданий марказлар қаторида эътироф этилган. 

Кўҳна Сурхон диёри табаррук гўшалардан бири. У ерда буюк аллома, авлиё­ларнинг, жумладан, буюк муҳаддис Абу Исо Термизий,  Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий каби кўплаб аждодларимизнинг қабрлари бор. Сурхон заминида Султон Содот мақбараси, Кокилдор ота, Хожа Самандар Термизий, Сўфи Оллоҳёр, Хожа Алоуддин Аттор каби улуғ зотларнинг зиёратгоҳлари жойлашган.
 
Термизлик олимлар ҳаёт йўллари ва асарларини ўрганиш, тадқиқ этишда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этади.
 
Мазкур Қарорда Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан буюк олимлар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаб­бат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш масалалари мақсад қилиб белгиланган. 
 
Бу борада Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам қатор изланишлар амалга оширилмоқда. 
 
Маълумки, Термиз шаҳридан етишиб чиққан алломалар Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Ана шундай алломалардан бири буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийдир. У Имом Бухорийнинг шогирди ҳисобланади. Унинг асарлари Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларига бағиш­ланган. Имом Термизийнинг “Шамоил ан-набий” (“Пайғамбарнинг сифатлари”) асарида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқ-атвор, хислат ва фазилатлари, турмуш тарзлари баён этилган. 
 
Имом Термизий ислом оламидаги ишонч­ли олти ҳадис тўплами – “Кутуби сиҳоҳи сит­­та”муаллифларидан бири сана­лади. Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари томонидан “Сунани Термизий” асарининг илмий-­изоҳли таржимаси нашрга тайёрланди. 
 
Термизлик алломалардан яна бири Ҳаким Термизийдир. У қомусий олим сифатида тафсир, фиқҳ, ҳадис илмлари бўйича қатор асарлар таълиф этган. 
 
Хусусан, аллома қаламига мансуб “Валийлар ҳаёт йўли” (“Сийрат ул-авлиё”) асари илмий-изоҳли таржимаси нашр этилди. Унда валийлик мазмун-моҳияти, унинг хусусиятлари  ҳамда валийлар турмуш тарзи ва фазилатлари, валийлар мартабалари ҳақида сўз юритилган. 
 
Ҳаким Термизий “Асарлар” туркуми остида “Касб-ҳунар баёни”, “Сарахс аҳли саволларига жавоблар” ва “Райдан келган мактубларга жавоб” рисолалари ўрин олган. Ушбу тўпламдаги асарлар маънавий-ахлоқий мавзуларни қамраб олган. 
 
Жумладан, “Касб-ҳунар баёни” номли асарида илм-маърифатли бўлиш, муайян касб-ҳунарни эгаллаш, ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратиш, нафс ва қалб тарбияси, инсоф, ҳалоллик, камтарлик,  ҳақиқат, адолат, ўз меҳнати билан ризқ-рўз топиш фазилатлари ҳақида сўз юритилади. Рисолада ўтган пайғамбарлар, тарихий шахслар ҳаёти билан боғлиқ ибратли ҳикоятлар берилиши асарнинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта эканлигини кўрсатади. 
 
Ҳаким Термизийнинг “Сарахс аҳли саволларига жавоблар” асари ўзига хос услубда ёзилган. Унда ислом илмлари, шариат қонун-қоидалари, тасаввуф ҳикматларининг мазмун-моҳиятини ёритишда халқчил  услубдан фойдаланишга ҳаракат қилинган. 
 
Ҳаким Термизий “Райдан юборилган хатларга жавоб” рисоласида инсоннинг нафс тарбияси, уни жиловлаш, нафсини тийган қандай юксак мақомларга кўтарилиши, инсон жисмидаги аъзоларнинг вазифалари, айниқса, қалб поклиги ўзига хос тарзда ташбеҳ ва рамзлар воситасида тасаввуфий талқинда ўз ифодасини топ­ган. Ўша даврда Рай аҳли ўзлари тушунмаган масалаларда мактуб орқали Ҳаким Термизийга мурожаат қилишган. 
 
Термизлик олимлардан яна бири Хожа Самандар Термизий (1638–1740) муаррих ва адабиётшунослардан бири бўлган. Ўзбекис­тон Рес­публикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари томонидан  унинг “Дастурул мулук” асари таржимаси нашрга тайёрланди. Унда ҳукмдорлар, аҳолининг бош­қа қатламлари вакиллари фаолиятига оид  одоб-ахлоқ масалалари ёритилган. Шунингдек, бу асарда Бухоро хонлари Абдулазизхон ва Субҳонқулихон ҳукмронлик­лари давридаги тарихий воқеалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари томонидан амалий грант доирасида термизлик олимлар асарларининг араб тилидан ўзбек тилига илк таржималари, илмий изоҳлари билан нашрга тайёрланиб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди.
 
Бу ишлар мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш билан бир қаторда Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ёшлар онгида она – Ватанимизга бўлган муҳаббат туйғусини мустаҳкамлайди, иншоаллоҳ.
 
Неъматулло МУҲАММЕДОВ,
тарих фанлари номзоди