Қадим Насаф воҳасидан етишиб чиққан Абу Ҳафс Насафий, Абул Баракот Насафий, Макҳул Насафий, Абул Юср Паздавий, Абу Шакур Солимий каби олимлар илмий меросларининг бугунги кунда ҳам аҳамияти катта. Ақида борасида пешво даражасига етган аллома, мотуридия таълимотининг энг ёрқин вакилларидан Абу Муин Насафий 1026 йили Насаф (ҳозирги Қарши)да туғилган. Илк таълимни она шаҳри Насафда олиб, сўнгра Самарқандга келган. Кейинроқ эса Бухорога кўчиб ўтган.
 
Абу Муин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими ва Самар­қанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур Мотуридийдан (ваф. 944 й.) сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили ҳисобланади. 
У нафақат калом илмининг алломаси, балки ўз даврининг фақиҳи ва усулчи олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир.
Мотуридийнинг «Тавҳид» асарини нашрга тайёрлаган тадқиқотчи Фатҳуллоҳ Хулайф: “Мотуридия калом мактабининг ривожида ҳеч ким Абу Муин Насафийдек катта хизмат кўрсатмаган. Ашъария мактабини Боқиллоний ва Ғаззолийсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, мотуридияни ҳам Абу Муинсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди”, деб унинг илмий меросини алоҳида қадрлайди.
Абу Муин Насафийнинг Мовароун­наҳрда мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси умрининг сўнгги йилларида ёзиб тугатган “Табсиратул адилла” асари билан боғлиқдир. Чунки Насафий ўзининг устози Абу Мансур Мотуридийнинг таълимотига бўлган муносабатнинг сусайиб бораётгани сабабли унинг “Китобут тавҳид” асарига шарҳ сифатида “Табсиратул адилла фи усулиддин ала тариқати Аби Мансур Мотуридий” номли асарини ёзади.
Абу Мансур Мотуридийнинг энг асосий ғоявий мухолифлари, шубҳасиз, мўътази­лийлар, ботинийлар, қарматийлар каби оқимлар эди.
Мотуридий ўзининг таълимотини ўша даврда кучли бўлган мўътазилийлар билан ақидавий кураш жараёнида ривожлантириб кенгайтирди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Мотуридий яшаган даврда «мотуридия» деган таълимот умуман йўқ эди. Мовароуннаҳрдаги барча мутакаллимлар «ҳанафий олимлари» деб аталарди. Мотуридий исмини биринчи бўлиб Абу Муин Насафий алоҳида мактаб номи сифатида олиб чиқди. Унинг вафотидан бироз вақт ўтгач, шогирди Нажмуддин Абу Ҳафс Насафий ўзининг машҳур «Ақоиди Насафий» асарини ёзди ва унда мотуридия таълимотини Абу Муин ифодалари воситасида акс эттирди.
Шу тариқа калом илми бўйича кейинги давр тараққиёт босқичларини белгилаб берувчи янги анъана юзага келди. Гарчи у ҳамон «Асҳоб Аби Ҳанифа» номи билан юритилса-да, аслида у тўлиқ самарқандлик олимга тегишли эди. Шу боис бу таълимотни ҳеч иккиланмай «Мотуридия» деб аташ мумкин эди ва шундай ҳам бўлди. Мотуридий мўътазилийларга қарши чиққан ҳолда ўз калом йўналишини вужудга келтирган бўлса, XI асрга келиб Абу Муин Насафий Имом Мотуридий каломий (ақидавий) фикрларининг алоҳида мактаб сифатида қабул қилинишида катта хизмат қилди. Насафий вафотидан сўнг бир қанча вақт ўтгач, мусулмон оламида «Мотуридия калом мактаби» деган ибора пайдо бўлди. Буни эса, албатта, насафлик мужтаҳид аллома, «Сайфул ҳаққ» (Ҳақиқат қиличи) деган юксак номга лойиқ топилган ҳанафий олими Абу Муин Насафийнинг беқиёс хизматларининг маҳсули деб ҳисоблаш мумкин.
Аллома 1114 йили зулҳижжа ойининг 25 куни (21 май) вафот этган. Қабри Қарши шаҳридан унча узоқ бўлмаган Қарши туманининг Қовчин қишлоғида. Бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу манзил халқимизнинг табаррук қадамжосига айланади. 
 
Саидмухтор ОҚИЛОВ, 
тарих фанлари номзоди,
Тошкент ислом университети доценти