Муҳаддисларнинг зеҳни ўткир, хотираси мустаҳкам бўлиши ҳақида эшитганмиз. Уларнингайримлари ярим бетдан тортиб бир неча вараққача бўлган юз минглаб, балки миллионга яқин ҳадисларни хотирасида сақлай билишгани ҳам сир эмас. Ватандошимиз Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам ана шундай хотира соҳиби бўлган. Бу ҳақда тарихийкитобларда қатор ривоятлар келтирилган. Ана шундай ривоятлардан бирида келтирилишича, Имом Термизийга бир олим ёзма ҳолатда ҳадислардан иборат иккитарисола юборади. Сафарларидан бирида мазкур дафтарни ёзиб юборган шайхни учратиб қоладилар ва ундан ҳадисларни ўтказиб олмоқчи бўлибшайхнинг ҳузурига кириб, оғзаки ижозат олиш истаклари борлигини билдирадилар. Шундашайх: “Ўша юборилган саҳифаларни келтириб, ўқиб беринг!”, дейди. Имом Термизий юкларининг орасидан дафтарни излаб тополмасдан бир оқ қоғозни олиб келиб, гўёки ўқиб бераётгандек унга қараб ёддан ўқий бошлайдилар. Шайх буни сезиб қолиб: “Уялмайсизми, мени масхара қиляпсизми?”, деб койиб беради. Шунда Имом Термизий бўлган воқеани айтиб:“Менга ёзиб юборган ҳадисларингизни ҳаммасини ёд олганман, уларни ҳеч камчиликсиз айтиб бера оламан”, дейди. Шайх: “Қани, айтиб кўрингчи”, дейди. Имом Термизий мазкур ҳадисларни ва шу мажлисда эшитган бошқа бир қанча ҳадисларни санади билан ёддан айтиб беради. Шайх: “Сиз буларни олдинроқ ёдлаб олган бўлсангиз керак?”, деб ажабланганида, Имом Термизий: “Ундай бўлса, яна янги ҳадислар айтсангиз, уларни ҳам эшитиб, қайта айтиб берардим”, дейди. Шайх Имом Термизий олдин эшитмаган қатор ҳадисларни айтади, бобомиз уларни ҳам санадлари билан ҳеч бир сўзни қолдирмасдан қайта айтиб берадилар. Шунда шайх: “Сизга ўхшаганни кўрмагандим!”, деб у зотнинг зеҳнларига қойил қолади.

Бобокалонимизнинг зеҳнлари ўткир, хотиралари кучли бўлганига қуйидаги воқеани ҳам мисол қилиб келтириш мумкин.

Имом Термизийнинг кўзлари умрлари охирида ожиз бўлиб қолади. Ҳажга уловлари устида кетаётиб, бир қишлоқнинг маълум жойидан энгашиб ўтадилар. Шогирдлари таажжубланиб бунинг сабабини сўрашганда: “Шу ерда дарахт бўлиши керак, шохларига бошим тегмасин деб эгилиб ўтдим”, деб жавоб берадилар. Шогирдлар бу ерда ҳеч қандай дарахт йўқлигини айтишади. Имом Термизий: «Бир пайтлар ёшлигимда шу ердан ўтганимда бир дарахт бўларди, унинг шохлари эгилиб йўловчиларга халал берарди, бу ердан ҳамма эгилиб ўтарди. Атрофдаги уйларда яшовчи аҳолидан сўраб келинглар, агар шу ерда дарахт бўлмаган бўлса, менинг хотирамга “тағайюр” етган – ўзгариш содир бўлган бўлади ва менга бугундан эътиборан ҳадис айтиш жоиз бўлмай қолади» дейдилар.Шогирдлар атрофда яшовчи одамлардан суриштиришади. Қишлоқ аҳолиси ҳақиқатан ҳам бир пайтлар бу ерда шохлари эгилган дарахт бўлгани, отлиқ йўловчиларга халал бергани учун кесиб ташланганини айтишади. Имом Термизий буни эшитиб: “Алҳамдулиллоҳ, зеҳним ҳали сусаймабди”, дейдилар.

Хуллас, Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) туғма, ғаройиб зеҳн соҳиби бўлганлар. Аслида, бу Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлиб, ўз шариатини сақлаш учун мана шундай зотларни чиқариб қўйган.

 

Ботиржон АБДУЛЛАЕВ,

ЎзР ФА ШИ етакчи мутахассиси