Мовароуннаҳр муҳаддисларининг энг аввалгиларидан бири Имом Бойкандий ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Салом ибн Фараж Бухорий Абу Абдуллоҳ Бойкандийдир. У милодий 769 (ҳижрий 162) йили Жайҳун дарёси бўйидаги Бухоро ноҳияларидан бири бўлмиш Бойканд шаҳрида таваллуд топган.

Бойкандий умрининг дастлабки йилларида тижорат билан шуғулланган. Сўнг у илмга, хусусан, ҳадис илмини ўрганишга рағбат қилади. Илм талаби йўлида турли юртларга сафар қилган. Хоразмда Абдулкарим ибн Асвад Басрий ва Муғийра ибн Мусодан илм ўрганди. Мовароуннаҳрда барча илмларни эгаллаганидан сўнг ислом оламининг маркази Бағдодга йўл олади. У ерда эса, Абул Аҳвас Салом ибн Салим, Абу Исҳоқ Фазорий, Суфён ибн Уяйна ва бошқа уламолар суҳбатида бўлди. Кейин Ҳижоздан Мисрга сафар қилади ва у ерда Али ибн Жаъд, Ҳасан ибн Сувари ва бошқалардан илм ўрганади. Ибн Салом илм олишга шу даражада ҳарис бўлганки, бир илм мажлисида қаламини синдириб қўяди ва у бир динордан қалам олишини айтиб жар солишларини буюради, шунда унга ҳар томондан қаламлар “учиб” келади(Заҳабий. “Тарихул Ислом”).

Ибн Салом илм йўлига муҳаббат билан кириб келди, унга бу йўлда мол-дунёнинг қизиғи йўқ эди. У бундай дейди: “Қирқ йил ичида Бойканднинг бозорида ўтирмадим”. Шу билан бирга, у, Заҳабий айтганидек,молк-мулк эгаси бўлган камтар инсон эди.

Дарҳақиқат, Ибн Салом ислом оламининг улуғ масканларида бўлди ва ўз замонасининг кўплаб машойих уламоларидан дарс олди. Ҳаттоки, устозларининг сони тўрт юзга етди(Заҳабий. “Тазкиратул ҳуффоз”). Мовароуннаҳрдан тортиб, Мисргача давом этган узоқ сафарида кўплаб ҳадислар тўплашга муваффақ бўлди. Беш минг атрофидаги ҳадисни ёд билар эди.  Самъоний “Ал-Ансоб”да уни: “Фақиҳ ва ишончли муҳаддис эди”, дея таърифлаган бўлса, Сафадий “Ал-вофий бил вафиёт”да: “У кўп дунё кезган ва кўп ёзган”, деб келтиради.

Ибн Салом Хуросон минтақасининг илм хазиналаридан бири бўлган. Аҳмад ибн Ҳайсам Шоший бундай дейди: “Хуросонда хазина иккитадир: бири Муҳаммад ибн Саломдаги хазина бўлса, иккинчиси, Исҳоқ ибн Роҳавайҳдаги хазинадир”(Заҳабий. “Сияру аъломин нубало”). Яна шуни таъкидлаш лозимки, мазҳаблар ўртасида фиқҳий масалалардаги ихтилофларга қарамасдан, Ибн Саломнинг  замонасидаги уламолар билан алоқаси яхши бўлган. Бунга Шайх Аҳнаф Бухорий ва Имом Абу Ҳафс Кабир билан бўлган алоқасини мисол қилиб келтириш мумкин. Заҳабий шундай дейди: “У билан Аҳмад ибн Ҳафс ўртасида биродарлик ва меҳр-оқибат бўлган. Лекин уларнинг ҳар иккиси ҳам турли хил мазҳабларда эдилар.

Ибн Салом Бойкандий ислом оламида ишончли муҳаддис сифатида шуҳрат қозонди. Унинг илмидан кўплаб толиби илмлар баҳра олдилар ва хулқидан ўргандилар. Ибн Салом талабаларда ҳадис илми ва бошқа илмларни ўрганишга меҳр-муҳаббат уйғотди. Унинг пешқадам шогирдларининг аввали сафида, албатта, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий туради.У устози Ибн Саломдан ўзининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида ривоят қилган. Яна Ибн Саломнинг Муҳаммад ибн Иброҳим Бакрий, Абдуллоҳ ибн Восил, Абу Умар Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий, Туфайл ибн Зайд Насафий, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Доримий каби шогирдлари бўлган.

Тарихий манбаларда айтилишича, Ибн Салом Бойкандийтурли соҳаларда китоблар ёзган. Афсуски, бу асарлар ҳали топилмаган.

Имом Бойкандий милодий 839(ҳижрий 225) йили декабрь ойида якшанба куни вафот этган. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.

Бир сўз билан айтганда, Ибн Салом Бойкандий Бухорода катта илмий мактаб шаклланишига ҳисса қўшган. Бу мактаб ҳадис илмида “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Доримий” каби оламшумул асарларнинг пайдо бўлиши учун асос яратди.

Ҳасан Расулов,

“Имом Бухорий” халқаро

маркази мутахассиси