Абу Мансур Мотуридий мактабининг атоқли намояндаларидан бири, улуғ олим Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Насафий милодий 1027 йили Насафда туғилган. Абдулкарим Самъоний Абул Муин исмига “Ибсоний”ни ҳам қўшиб айтади ва Ибсон қишлоғи Қарши шаҳридан бир фарсаҳ (тахминан 5–6 чақирим) узоқликда жойлашганини таъкидлайди. Абул Муин Насафий шу қишлоқда туғилган. Унинг катта бобоси Макҳул Насафий (вафоти 930 й.) Имом Мотуридийнинг шогирдларидан эди. Бобоси Мўътамид ибн Макҳул Насафий эса ҳанафий олимлар орасида машҳур эди. Абул Муин бошланғич билимларни бобоси ва отасидан олади. Кейинчалик Абул Юср Паздавийга шогирд бўлади.

Абул Муин Насафий Бухоро ва Самар­қандда яшаб, самарали ижод қилган. Унинг шогирдлари орасидан Алоуддин Самарқандий, Иброҳим Саффор Бухорий каби олимлар етишиб чиққан.

Абул Муин Насафий асарларининг кўпи калом илмининг турли масалаларига бағишланган. “Ал-умда фи усулил фиқҳ”, “Баҳрул калом фи илмил калом”, “Табсиратул адилла фи илмил калом”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид фи илмил калом”, “Ал-олим вал мутаъллим”, “Изоҳул маҳажати ли кавни аҳли ҳужжатан”, “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний фи фуруъ” ва “Муътақидот” каби асарлари шулар жумласидандир.

Олимнинг “Баҳрул калом фи илмил калом” асари мотуридия мактабининг калом бўйича асосий манбаларидан биридир. У ўрта асрларда катта шуҳрат қозонган, ўша даврда кўчирилган қўлёзма нусхалари ҳозир Дубай, Дамашқ, Бағдод, Қоҳира ва Искандария кутубхоналарида сақланмоқда. Олимнинг ушбу асари учта катта асари орасида (“Табсиратул адилла”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид”, “Баҳрул калом”) биринчи бўлиб нашр этилган.

Абул Муин Насафийнинг машҳур асарларидан яна бири “Табсиратул адилла фи усулид дин ала ториқил имом Абу Мансур Мотуридий” (“Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий тариқатига биноан далиллар билан шарҳлаш”)дир. Номидан ҳам маълум, асарда мотуридия таълимоти далиллар билан шарҳланади.

Алломанинг калом илмига оид яна бир мўъжаз китоби “Китобут тамҳид ли қоваъидит тавҳид” асаридир. Жаҳон кутубхоналарида китобнинг кўплаб нусхалари сақланади. Яқинда Туркияда бу асар Истамбул кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари асосида қайта нашр этилди.

Абул Муин Насафий аббосийлар ҳукмронлиги заифлашиб, инқирозга юз тутаёган даврда яшаб ижод қилди. Бу даврда улкан империя бир неча мустақил мамлакатларга бўлиниб кетди, сиёсий аҳвол анча кескинлашди. Бу ҳолат илм соҳасига салбий таъсир қилмади. Аксинча, юксак маданият маркази бўлган пойтахт Бағдодга беллашадиган Қуртуба, Қоҳира, Бухоро каби маданият ўчоқлари пайдо бўлди. Шундай илм-ирфон марказларида Абул Муин Насафийдек буюк олимлар етишиб чиқди.

Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. Абул Муин Насафий милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида.

Муҳаммадали ЗОҲИДОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси