Шайх Мухтор Валий XIII аср­да Хоразмда яшаб ўтган маш­ҳур сиймолардандир. У файласуф, давлат ва дин арбоби, мўғулларга қарши кураш йўлбошчиси сифатида тарихда ном қозонган. Халқ ва миллат манфаатларининг муносиб ҳимоя­чиси бўлмиш бу зотнинг асл исми манбаларда Шайх Мухтор Қози Умар деб келтирилган.

Шайхдан бизга "Маноқиб" асаригина етиб келган. У тўғрисидаги маълумотларни тарих, тазкира китобларида ва вақф ҳужжатларида учратиш мумкин.

Шайх Мухтор Валий хоразм­лик дин ва тариқат пешволари Сайид Аловуддин, Паҳлавон Маҳмуд, Саид ота, Занги ота, Сулаймон Боқирғоний (Ҳаким ота), Шайх Камол, Саид Кулол, Хубби хожа (Эрхубби) каби улуғ зотлар билан бир замонда яшаган, улар билан устоз-шогирд тутинган. Жумладан, Шайх Мухтор Валий машҳур Паҳлавон Маҳмуднинг устози ҳисобланади.

Ёш Мухтор диний илмлар – калом, ақоид, фиқҳ ва шариат аҳкомларини, фарз ва суннатни, тариқат илмлари – сулук ва мақомни муршид-мурид муносабатларини, маърифат илмини чин ихлос билан ўрганади. Айниқса, фиқҳ илмини чуқур эгаллайди. Дастлаб Кўҳна Урганчдаги мадрасалардан бирида таълим олади. Катта билим тўплаб, қозилик кўтарилади. Бир қанча муддат мушриф ва мухтасиб бўлиб ишлайди.

Айрим маълумотларга кўра, у кураш тушиш, дорбозлик каби халқ санъати турлари билан ҳам шуғулланган. Балки шунинг учун ҳам халқ сайил ва томошалари яқин-яқинларгача Шайх мақбараси атрофида бўлиб ўтгандир. Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида жойлашган бу мақбаранинг ёнида илгари катта майдон ва бозорча бўлган. Мақбарани баъзи маълумотларга қараганда 1287 йили Саид Кулол, бошқа бир маълумотга кўра эса Шайх Мухтор Валийнинг ўзи қурдирган деган тахминлар бор. Даст­лаб гумбазли дахма бўлган. Кейинчалик ҳужрали хонақоҳ бунёд этилган. Мақбара эшикларининг бирида уни ишлаган устанинг номи араб имлосида "Усто Зайниддин ибн Одина Муҳаммад" деб кўрсатилган. Бу тарихий ёдгорлик XIV–XIX асрларда бир неча марта таъмирланган. Охирги марта 1827 йили Хива хони Оллоқулихон таъмирлатган. Ҳозир обида давлат муҳофазасига олиниб, зиёратгоҳга айлантирилган.

 

Анвар МАТНИЁЗОВ,

Урганч