Милодий IX–Х асрларга келиб, Ўрта Осиёда Ислом динининг халқ орасида нуфузи ошиб, у орқали араб тили ва ёзуви ҳам тарқалди, бу тил илм-фан тилига айланди. Бу даврда Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад Термизий каби буюк алломалар яшаб, ижод қилдилар. Абдулҳамид ибн Ҳумайд Кеший ҳам шу олтин аср фарзандидир. Унинг тўлиқ исми Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кешийдир. Машҳур тарихчи олим Абу Саид Абдулкарим Самъоний (1113–1167) “Ал-ансоб” асарида Ҳумайд Кеший ҳақида қисқа маълумот берган, аммо туғилган йилини кўрсатмаган. Бошқа бир манбада аллома милодий 786 йили, араб тарихчиси Шамсиддин Заҳабий (1274–1347) маълумотида эса ҳижрий 170 йилдан кейин Кешда туғилган дейилади.

Абдулҳамид хат-саводини она шаҳрида чиқаради, тиришқоқлиги, зеҳни ўткирлиги, билим олишга интилувчанлиги туфайли ўқиш-ёзишни тез ўрганиб, араб тили ва Ислом таълимоти асосларини пухта эгаллашга киришади. Айниқса, ҳадис илми, фиқҳ ва араб тилшунослигини ўрганишга катта эътибор беради.

Вақт ўтиб, унда ҳадис илмига қизиқиш кучаяди. Олдин ўз шаҳри муҳаддисларидан ҳадисшунослик сирларини ўрганади. Кейин эса Самарқанд ва Бухоро каби йирик шаҳарлардаги олимлар ҳузурига боради. Ҳадис жамлаш, бу соҳадаги билимини янада чуқурлаштириш мақсадида узоқ йиллар Макка, Мадина, Бағдод, Басра, Куфа, Шом (Дамашқ), Нишопур ва бошқа шаҳарларда яшаб, таниқли уламолардан таълим олади. Араб тарихчиси Шамсиддин Заҳабий “Тарих ал-Ислом” асарида Абдулҳамид ибн Ҳумайд Кеший илм истаб икки юздан ортиқ жойга сафар қилганини қайд этган. Аллома Абу Довуд Тайлосий, Назр ибн Исмоил Марвазий, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Умар ибн Юнус Ямомий каби ўнлаб устоз муҳаддис ва ровийлардан ҳадис ривоят қилган.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий каби буюк муҳаддислар унга шогирд бўлгани, ундан ҳадис ривоят қилгани манбаларда қайд этилган.

Ҳумайд Кеший “Муснад ал-Кабийр” номли асарига ҳаёти давомида тўплаган барча ҳадисларни жамлаган. “Тафсир Абд ибн Ҳумайд” асари асосида араб олими Мухлиф ибн Баниҳи Урф 2004 йили “Қитатун мин тафсир ал-имом Абд ибн Ҳумайд” (Имом Абд ибн Ҳумайднинг тафсиридан бир бўлим) номи остида китоб нашр этди. Алломанинг юқорида тилга олинган асарларидан парчалар сақланиб, бизнинг кунларгача етиб келган.

Абдулҳамид ибн Ҳумайд Кеший араб тилини мукаммал эгаллаб, асарларини шу тилда ёзган. У араб тилшунослигига оид “Китоб аъл ҳуруф ал-муъжам” (“Ҳарфлар тўғрисида китоб”), “Ат-тасариф” (“Турланиш”), “Китоб фаъалту ва афъалту” (“Араб грамматикаси ҳақида китоб”) каби асарлар муаллифидир.

Алломага “Ҳофизул ҳадис”, “Соҳибул муснадил кабийр”, “Соҳибут тафсирул кабийр” сингари номлар берилган. Шунингдек, “ал-Имом”, “ал-Ҳофиз”, “ал-Ҳужжат”, “ал-Жаввол” нисбалари ҳам унга тегишли унвонлардир. Кўпчилик олимлар асарларида унга нисбатан “Кашший”, “Киссий”, “Лайсий” нисбаларини қўллаган.

Абдулҳамид ибн Ҳумайд Кеший ҳижрий 249 (милодий 863–864) йили вафот этгани ҳақида ҳамма олимлар бир хил фикрда, аммо қайси шаҳарда ҳаётдан кўз юмгани борасида ихтилофлар бор. Масалан, “Сияр аълом ан-нубало” асарида аллома Дамашқда вафот этгани қайд этилган. Ибн Қони фикрича эса, муҳаддис Кешда дунёдан ўтган. Ибн Ҳумайд Кеший ҳаёти бўйича тадқиқот олиб бораётган Шукрулло Умаров буюк муҳаддис қаерда дунёдан кўз юмгани ҳақида турли маълумотлар борлиги, бу борада жиддий тадқиқот олиб бориш ва шундан сўнггина аниқ фикр айтиш зарурлигини таъкидлайди.

Фазлиддин МУХТОРОВ,

Шаҳрисабз тумани бош имом-хатиби