Юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Буни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида кенг тар­ғиб этиш, дунёнинг турли мамлакатларида юз бераётган воқеаларнинг асл сабабларини тушунтириб боришда имом-хатибларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Юртбошимизининг ташаббуси ва қарори билан 2008 йил Самарқандда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази юртимиздан етишиб чиққан алломаларимиз ҳаёти ва илмий салоҳиятини ўрганиш, халқимиз ва дунё жамоатчилигига танитиш, шунингдек, диний ходимларнинг малакасини оширишда самарали фаолият юритаётир.

Айниқса, имом-хатиблар замон билан ҳамнафас бўлишида халқаро марказнинг ўрни муҳим. Бу ерда таҳсил олган ва малака оширган имом-хатиблар бундан 15–20 йил олдингиларидан анча фарқ қилади. Бугун дин вакиллари юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофда содир бўлаётган воқеалардан доим хабардор, огоҳ бўлиб бормоқда.

Зеро, Юртбошимиз "Юксак маънавият – енгилмас куч" китобида таъкидлаганидек, биз барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз олдимизга қандай режа ва дас­турларни қўймайлик, барча олижаноб орзу-интилишларимизни амалга оширишнинг ягона шарти ва гарови тинчлик ва осойишталикдир.

Бугунги замоннинг ўзи жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган "Тинчлик ва осойишталик – олий неъмат" мавзуидаги республика амалий анжумани бу борада биз имом-хатиблар ва уламолар олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

 

Эргашали МИРЗАЕВ

Тошкент шаҳар "Абдуллоҳ ибн Маъсуд" масжиди имом-хатиби