Бобо-момоларимиз саломлашиш, ҳол-аҳвол сўрашишни қадрият даражасига кўтаришган. Ҳозирги кунда ғарбдан кириб келаётган, "Оммавий маданият" деб аталувчи, бузғунчи ғоялар бу чиройли одатга ҳам таъсир кўрсатиб, айрим ёшларнинг саломлашувида ғарб удумлари аралаш-қуралаш бўлиб бормоқда: баъзилари бир-бирлари билан калла уриштириб, юзларини ёпиштириб кўришади. Бу ҳолат динимиз, урф-одатимизга мутлақо тўғри келмайди. Бобо-момоларимиз саломлашувда гигиеник тамойилларга амал қилишган. Замонавий тиббиёт фани каллани-каллага, юзни-юзга ишқалаб саломлашиш оқибатларида турли касалликларнинг юқиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ғарб киноларида кўрсатилганидек, танишми-нотанишми ўпишиб кўришиш улар учун оддий ҳол бўлиб кетгандир. Бизнинг аждодларимиз эса ёшлигида ҳам биров билан кўришиб саломлашишда одоб чегарасидан ўтишмаган, қўллари узун енг ичида бўлган. Қаранг-а, ўзини соғлом сақлаш учун гигиеник тўсиқ ўрнатганлар! Бу удум билан ҳам ўзини, ҳам атрофдагиларни хавф-хатардан асраганлар.

Чунки улар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига амал қилганлар. Анас ибн Молик шундай ривоят қилади: "Бир киши: "Ё Расулуллоҳ! – деди. – Бир-биримиз билан учрашганда бир-биримизга эгилиб кўришамизми?" Расулуллоҳ: "Йўқ", дедилар. У: "Қучоқлашамизми ёки ўпишамизми?" деди. Расулуллоҳ: "Йўқ", дедилар. У эса: "Қўлдан ушлаб кўришамизми?" деди. Расулуллоҳ: "Ҳа", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Асрлар давомида қўл бериб кўришиш, ҳол-аҳвол сўрашиш ўзбеклигимизга мос удумга айланган. Агар турли-туман касалликлардан сақланмоқчи бўлсак, покиза турмуш кечириш шиоримизга айлансин! Ақлу фаросатли инсон саломлашиш вақтида ким билан қандай кўришишни яхши билади.

 

Саодатли ОСТОНА,

Қамаши тумани