Муҳтарам Президентимизнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" асарларида шундай пурмаъно сўзлар бор: "Бугун биз тарихий бир давр­да – халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз".

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ азалий урф-одат ва анъаналаримизни кўз қорачиғидек асраш, буюк аждодларимизнинг муборак зиёратгоҳларини обод қи­лишга киришилди: Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Абу Рай­ҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Ҳазрати Имом каби алломаларнинг ёдгорлик мажмуалари қайта тикланиб, ободонлаштирилди.

Диёримизда қад ростлаб турган улуғвор масжид ва мадрасалар, бобокалонларимиз хоки қўним топган мажмуалар, ноёб тарихий қўлёзмалар асраб-авайлаб келинмоқда. Бундай хайрли ишлар ёш авлодни ота-боболар мероси билан яқиндан таништириш, маънавий бойлигини ошириш ва миллий ўзлигини англаш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Бобомнинг айтишларича, мустабид тузум даврида коммунистик мафкура юртимиз халқи онгидан Ислом ақидасини суриб чиқaришликка тиш-тирноғи билан ҳаракат қилган экан. Уламолар, элимиз дaр­ғалари қатағон қилиниб, масжид ва мадрасалар эшикларига қулф осилишига қарамай, Ислом дини халқимиз қалбида мустаҳкам сақланиб қолган.

Тарихга назар ташласак, барчa даврларда ҳам мамлакатнинг ривожланиши, тараққий топиши тинчлик-осойишталикка боғлиқ бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.a.в.) ҳадисларининг биридa тинчлик-oсойишталик улуғ неъматлигини таъкидлаб: "Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайдилар. Улар – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик", деганлар.

Бугунги ёшлар аждодларимизнинг юртимиз эрки ва озодлиги, миллатимиз равнақи йўлида чеккан заҳматлари, кўрсатган жасоратларини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ўзбек шеъриятининг даҳоси буюк мутафаккир шоир Aлишер Нaвoий ҳазратларининг қаламига мансуб бўлган қуйидаги сатрлардa давлат aрбоби буюк астроном Мирзо Улуғбек бобомизга бўлган чуқур эҳтиром ифодаланган:

Темурхон наслидин

                   султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади

                   султон анингдек.

Хақиқатан ҳам Мирзо Улуғбек фалакиёт ва риёзиёт фанлари соҳасида бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган.

Буюк саркарда Aмир Темур бобомиз ҳам биз авлодларни қўрқмас ва ботир бўлишга, илм-фанни чуқур ўрганишга, доимо адолатли бўлишга тарғиб этиб: "Куч – адолатдадир", деганлар.

Тенгдошлар! Шу азиз тупроқ ва она-Ватан барчамизники, келажакда халққа манфаат келтирадиган илм ёки ҳунарни эгаллашимиз керак. Бунинг учун унинг калити бўлмиш илм чашмасидан баҳраманд бўлишда устозларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлигини унутмайлик. Аждодларимизнинг бой маданий-маърифий меросларини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш ва уларга муносиб ворислар бўлиш олий мақсадимиздир.

 

Робия АБДУҒОФУРОВА,

Тошкент Ислом университети 1-босқич талабаси