Никоҳланиб оила қуриш инсон ҳаётидаги муҳим воқеадир. Зеро, Аллоҳ таолонинг бутун коинотни яратишида тузган ўзгармас тартиб-интизомидан бири – барча жонзотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратганлиги, унинг ҳаётини давомийлигини шу жуфтликка асослаб қўйганлиги айнан никоҳда намоён бўлади.

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратди. Унга ақл неъматини ато этиш орқали Ўзининг яратган махлуқотлари устида тафаккур юритиб, Унинг нақадар юксак илму ҳикмат соҳиби эканлигини англаш қобилиятини берди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи яратган махлуқотлари устида тафаккур қилишга чақириб, шундай марҳамат қилади:

"Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзлари­нгиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир" (Рум сураси, 21-оят).

"Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди" (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Демак, инсонларнинг оила қуриб, жуфт бўлиб яшашлари устида тафаккур қилиб кўришга арзигулик жиҳатлар жуда кўп экан. Аллоҳ таоло инсон зотини яратар экан, унинг фитратига жуфт­лик ҳаётига қизиқиш, ўзидан зурриёт қолдириш майл-истагини жойлаб қўйди. Инсон дунёга келиб, ўсиб-улғайиб борган сари ундаги жуфтлик ҳаётига бўлган майл-истаги зуҳур қила бошлайди, бориб-бориб ана шу майл-истакка беихтиёр бўйсунади. Агар Аллоҳ таоло инсонга бундай фитрат ато этмаганида, балки инсониятнинг ҳаёти Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг вафотлари билан ниҳоясига етган бўлар эди. Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг мақсадини амалга ошириш, ер юзини обод қиладиган инсонларни дунёга келтириш учун уларнинг табиатида ҳаётга нисбатан муҳаббат пайдо қилди. Шариатимиз инсондаги ана шу жуфтлик ҳаётига бўлган истакни маълум тартиб қоида асосида амалга оширилишини талаб этади. У шаръий ақди ниқоҳдир.

Ниқоҳ сўзи араб тилидан олинган бўлиб, қўшилмоқ, жамланмоқ маъноларини англатади. Шундан келиб чиқиб, эркак билан аёл кишининг қўшилувига "никоҳланиш" дейилади. Маълумки, барча миллат ва дин вакиллари ўзларида урф ва одатга айланган никоҳланиш маросимлари орқали оила қурадилар. Худди шунингдек, Ислом шариатида ҳам ўзига хос никоҳланиш тартиб қоидаси мавжуд. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан бош тортса мендан эмасдир" деган ҳадисларида айнан шаръий ақди никоҳни назарда тутадилар.

Ислом шариатида никоҳ ва оила масаласига жуда катта эътибор қаратилган. Унга оид масалалар Қуръони каримда шу даражада кенг ва батафсил баён қилинганки, ҳатто динимиз асослари саналмиш, энг буюк ибодатлардан бўлмиш намоз, закот, рўза ва ҳаж амалларига доир аҳкомлар ҳам бу қадар кенг ёритилмаган. Масалан, Қуръони каримда қайта ва қайта келадиган: "Бас, намозни баркамол адо этингиз ва закотни берингиз..." (Ҳаж сураси, 78) оятида фақат намоз ўқишга ва закотни адо этишга амр қилинган. Уларни ким томонидан, қачон ва қандай адо этилиши ҳақидаги маълумотлар эса, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари орқали баён қилиб берилган. Масалан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларида: "Намозни мен ўқиганимдек ўқинглар!" деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисларида эса: "Ҳаж маносикларини мендан ўрганиб олинглар", деганлар. Никоҳга доир ҳукимлар, жумладан, кимлар билан никоҳланиш мумкин, кимларга мумкин эмаслигидан тортиб, оила қурилгач, унга ким раҳбарлик қилиши, эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари, оилада дунё­га келадиган фарзандлар тарбия­си, ҳатто эр-хотин ўртасида чиқиши мумкин бўлган можароларни қай тарзда ҳал қилиш, уларни яраштириш учун ҳакамликка кимларни жалб этиш, ота-она вафот этганда улардан қоладиган мероснинг фарзандлар орасида қандай тақсим қилиниши, агар эр-хотин ажралишга мажбур бўлган ҳолда қай тарз­да ажрим қилиш ҳолатигача Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида батафсил баён қилиб берган. Бунинг боиси, юқорида санаб ўтганимиз динимиз асослари бўлмиш намоз, закот, рўза ва ҳаж амаллари банда билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги хос ибодатлар бўлиб, уларнинг орасига ҳеч кимнинг дахл қилишга ҳаққи йўқ. Чунки кишининг ибодат қилиши ёки қилмаслигидан келадиган фойда ва зиёни фақат унинг ўзигагина тааллуқли бўлади. Аммо оила масаласи эса, жамиятга тааллуқлидир. Зеро, оила тинчлиги, эр ва хотин тотувлиги жамиятнинг тинчлигини таъминлайди. Тинч-тотув оилада тарбия топган фарзандлар ахлоқ ва одоб борасида намуна кўрсатиб, жамиятда ўз ўринларига эга бўладилар, унга манфаат етказадилар. Аксинча, нотинч, носоғлом оила ва унда дунёга келиб, воя­га етадиган ноқобил фарзандларнинг касри ҳам жамиятга уради. Шунинг учун ҳам ўзининг бугуни ва келажагини ўйлаган ҳар қандай жамият оила ва никоҳ масаласига жуда катта эътибор ва аҳамият билан қараган.

Маълумки, якунланиб бораётган йилимизни юртимизда "Мустаҳкам оила йили" деб номланишидан ҳам катта мақсадлар назарда тутилган. Зеро, оилага, ёшларнинг никоҳига эътибор қаратган жамиятда доимо соғлом муҳит ҳукм суради.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" Ислом ўрта махсус билим юрти мудири