Ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умумиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 55-модда.

 

Аллома бобомиз Хоразмий: "Билингки, дарёнинг кўзлари ёшланса, унинг бошига ғам, кулфат тушган бўлади. Одамлар, дарёдан меҳрингизни дариғ тутманг!" деганлар.

Дарё – оби ҳаёт, ош-нон, боғу роғ, лекин буни доимо ҳам ёдда тутмай, сувни исроф қиламиз. Сувларнинг ифлосланишига эътиборсиз бўламиз. Бу ҳол ўзимизнинг, наслимизнинг соғ­лигига зарар келтиришини ўйламаймиз. Ҳолбуки, ­дунёдаги мавжуд сувнинг атиги икки фоизи ичимлик суви, унинг ҳам 1,6 фоизи асрий музликлар бағрида, дунё аҳолиси бор-йўғи 0,25 фоизидан ичимлик сифатида фойдаланиб келмоқда. Ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми бу бебаҳо неъматга зор.

Дарёларни кўллар, ботқоқлар, тўқайзорлар қўллаб туради. Улардан сизиб чиққан жил­ғалардан дарёнинг суви, шиддати ортади. Аммо XX асрнинг 50-йилларидан бошлаб "Ботқоқликларни қуритиб, бўстонга айлантирамиз!" шиори билан олиб борилган ишлар табиат ва жамиятга катта зарар келтирди.

Биз Чироқчи туманидаги Чиял хўжалигига туташ дашт ҳудудида яшаганмиз. Меҳнаткаш одамлар бу ерда минг йиллаб яйлов ҳавосидан лаззат олиб, тоза муҳитда қўй-эчкисини боқиб, ризқ-рўз топиб юрган. Баҳорда яйлов, қирлар қизғалдоқзорга айланиб, гўзаллигини кўз-кўз қиларди. Қашқадарё салобату кўрк билан оқарди. Қишлоқдан ярим чақирим нарида ботқоқзор, охири кўринмас қамишзорлар сирли оламдай эди. Турли-туман қушларнинг сайраши, чигирткаларнинг безовта чириллаши, қурбақаларнинг вақиллаши одамнинг диққатини тортиб, сергаклантирарди. Ундан берироқда тустовуқ, ўрдаклар, ғозлар товланиб, мафтункор юришарди. Ўзга оламга тушиб қолгандай, анграйиб, ярим ҳадик, ярим қувонч билан томоша қилардик. Момоларимиз: "Дарё бўйига борманглар! Ништари найзадек отилувчи жайра, бўри, чиябўри ҳам бор", деб кўп айтишарди. Ота-оналаримиз дарёда чўмилишга фақат ёз ойлари рухсат беришарди. Биз дарёга бориш учун атрофни зийрак кузата-кузата қамишзордан тўқайга ўтардик. Тўқайдаги кўм-кўк, яшил-қўнғир ўт-ўланлар, қиёқзорлардан ке­йин сарғиш-жигаррангли қумлоқ бошланарди. Шу қумлоқ бағрида туянинг кўзи мисол бебаҳо булоқлар милтиллаб турарди. Чўллаб қолган туядек узала тушиб, лаззатбахш булоқ сувидан симирардик. Ундан ўн беш-йигирма қадам ўтсанг, азим ва навқирон Қашқадарёга дуч келардинг. Дарё дарё-да! Ҳар қандай шошқалоқни ҳам, ичи тангни ҳам бир лаҳза тўхтатиб, мулоҳаза қилишга мажбур этади. Яхшилаб разм солиб, қаери саёз, қаери чуқурлигини билиш керак. Дарёга тушишнинг ҳам қоидаси бор! Азим дарёнинг азимлиги шунда: ҳар қандай эсипастнинг ҳам эсини киргизиб қўйгай! Баҳорда дарё суви паҳлавоннинг юрагига ҳам ваҳима солгудай тўлиб-тошиб, шиддатли оқарди. Ҳозир эса, мункиллаб қолган чолдай ҳорғин...

Ўтган асрнинг 50-йилларида кўп қатори қишлоғимиз одамлари Қашқадарё лабига – тўқайга кўчирилди. Тўқайлар ўзлаштирилиб, пахта экиш бошланди. Секин-аста ботқоқлик ҳам, қамишзор ҳам, тўқай ҳам йўқолди, булоқлар ҳам қуриди. Ҳозир то дарёга еткуни­нгизча бирор тиккайган гиёҳ оёғингизга илашмайди. На дарранда, на паррандани учратмайсиз.

Минг шукр, мустақиллик туфайли юртимизда табиий муҳитни қайта тиклашга эътибор кучайди. Ўтган 2012 йилнинг ўзида табиатни асраб-авайлашга қаратилган саккизта қонун қабул қилинди. Бу масала давлат сиё­сати даражасига кўтарилди. Шу Ватан фарзандиман, деган ҳар киши бир тупдан дарахт экса, боғу роғларимиз яна кўпаяди, табиий муҳит яхшиланади. Агар ҳар биримиз кунига бир литрдан сувни тежасак, ўттиз минг тоннадан ортиқ сув исроф бўлмайди. Бунча сув билан камида минг гектар ерни суғориш, ҳосил олиш мумкин.

 

Саодатли ОСТОНА,

Қашқадарё вилояти