Бир талаба дарсга кеч қолиб келди. Охирги парталардан бирига ўтирди. Толиққаниданми, бир оз мудрагандай бўлди. Бирпасда дарс тугаб, талабалар шовқинидан ўзига келди… Қараса, профессор тахтага иккита масала ёзиб қўйган экан. Шоша-пиша уларни дафтарига кўчириб олди. Уйга қайтгач, масалаларнинг ечимини излай бошлади.

Масалалар жуда ҳам қийин эди... Боши қотган талаба кутубхонага бориб керакли китоб ва манбаларни ахтариб топишга қарор қилди. Тўрт кундан ке­йингина биринчи масалага ечим топди. Жавоби ҳам бир неча саҳифа бўлган эди. Иккинчи масалани ечишга улгурмади. Ечим тополмагач, ўзича профессорни қийин вазифа беришда айблади.

Кейинги дарсда профессор берилган вазифа жавобини сўрашни унутди. Дарс тугаши олдидан талаба унга:

– Устоз, берган топши­риғингиз жуда қийин экан. Фақат биринчи масаланинг жавобини топдим, – деб масала ечилган қоғозни узатди.

Профессор:

– Ҳеч қандай вазифа бермаган эдим-ку? Тахтага ёзганларим эса ҳозиргача илм-фан ечимини тополмай турган икки масала эди! – деди ҳайратланиб.

Масаланинг жавоби ёзилган қоғоз бутун университетда қўлма-қўл бўлди.

Ҳаётда “Бу жуда қийин”, “Менинг қўлимдан келмайди” деган гапларни кўп эшитамиз, ишлатамиз ҳам. Бундай ҳолларга кўпинча онгимизга ўрнашиб қолган салбий фикр­лар сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратди, унга ақл берди. Ислом дини инсонларни доимо илм олишга, ўрганишга, бу йўлда асло тўхтаб қолмасликка буюради.

Аллоҳ азза ва жалла:

«Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар”», дея марҳамат қилади (Тавба, 105).

Пайғамбаримиз : “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг ҳар бир ишни пухта ва чиройли қилишингизни яхши кўради”, деганлар.

“Қила олмайман” дея ташлаб қўйган ишимизга қайтадан бир назар солайлик. Ўзимизни руҳан тайёрлайлик: “Худо хоҳласа, мен бу ишни уддалайман. Бунга ишончим комил… Ахир бу унчалар қийин эмас-ку?!”

Аллоҳдан тавфиқ сўраб, яхши ниятда ғайрат билан ишга киришилса, енгилликлар берилиши ваъда қилинганини унутмайлик.

 

Робия МУҲАММАД РИЗО қизи,

Тошкент Ислом институти 3-босқич талабаси