Бугунги кунда ақида ва ақидапарастлик тушунчалари, улар ғояси, моҳияти, амалиёти ва улар мазмунидаги моҳиятан тўқнашув нималарда намоён бўлишини ажрата билиш, ақидапарастликнинг асл бузғунчи ғояларини, унинг ниқоб остидаги  асл башарасини фош қила билиш энг долзарб вазифалардан саналади. Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби ушбу вазифани амалга ошириш учун ҳозиржавоблик билан ёзилган асардир.

“Ислом ва ақидапараст оқимлар” анъанавий Ислом эътиқодини собит ва бардавом ушлашни ният қилган кўп миллионли халқимиз учун, жумладан, ҳартомонлама баркамолликка интилиб яшаётган ёшларимиз учун жуда ҳам долзарб, керакли, ҳар куни бир назар ташлаш зарур бўлган китобдир. Чунки китобда Ислом динида ақида масаласи ва унинг тарихий ривожланиш босқичлари кенг ва чуқур тавсиф этилган. Аслида бу асар эътиқодда тўғри йўлни эгри йўлдан, покиза эътиқодни, хато эътиқоддан, ­бунёдкорликни бузғунчиликдан, тўғри сўзни ёлғон сўздан аниқ ва равшан ажратиб бериб, барчамиз учун соғлом ақида йўлини кўрсатиб турадиган китобдир. Шу нуқтаи назардан ҳам, китоб жуда катта илмий қизиқиш уйғотади, муаммо юзасидан фикр қилишга ундайди.

Ҳаётда жуда кўп яхшилик­лар, одамларда катта яратувчанлик бор. Афсус, бузғунчилик ҳам йўқ эмас. Ҳаётда, айниқса ақида масалаларида тўғри йўлдан кетиш, бузғунчиликни эса, ўз вақтида пайқаб, ундан воз кечиб, тўғри яшай олиш – инсон ва жамият такомили, инсон ва жамият поклиги, уларнинг мафкуравий соғломлигини англатади. Тўғри ақидани билиш, уни таниш ва қабул қилиш тарихий воқелик бўлиб, унинг илдизлари узоқ ўтмишимизга бориб тақалади. Ақида тўғрилиги бизнинг миллатимизда ахлоқий сифат даражасига кўтарилган. Демак, ақида масаласида тўғри йўлни кўрсатиш, ҳам инсонпарварлик жиҳатидан, ҳам маънавий мерос жиҳатидан, ҳам исломий қадриятларни тарғиб этиш нуқтаи назаридан энг муҳим маънавий вазифадир.

Бошқа томондан, бу муаммони ҳал этиш бугунги доғули давр, дунё миқёсида турли мафкуравий таҳдидларнинг ортиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Ақида соғломлиги диний эътиқодда умумжамият равнақига тенг келади. Ақидани соғлом ушлаш – ёшларимизнинг тўғри йўлни кўра билиш, манфаатларини бузғунчи ёт ғоялардан асрай олиш қобилиятига таъсирини ўтказади.

Хожа Абдулхолиқ Ғиж­дувоний айтади: “Қалбнинг саломат бўлиши Ҳақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишдир. Эртага соғлом дилдан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди. Расулуллоҳ айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.Огоҳ бўлинг, бу қалбдир”. Тўғри ­танланган ақида қалбни бузилишдан сақлайди.

Ақида, унинг Ислом дини тарихида тутган ўрни ва ривожланиш босқичларини билиш барчамиз учун дастуриламал аҳамиятга эга. Биргина одамнинг ақидада адашиши эса аслида бутун жамият тинч­лигига нисбатан таҳдид саналади. Бинобарин, соф ақидани бузғунчи ва ёт ақидапарастлик ғояларидан ажрата олиш керак­лиги шубҳасиз.

Китоб учун танланган мавзу ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан аҳамиятлидир. Унинг илмийлиги Ислом тарихидаги барча ақидалар ва ақидапараст оқимлар тизимлаштирилиб, улар борасидаги ахборот умумлаштирилгани ҳамда холис баҳоланганида намоён бўлади. Китобда ўн уч асрлик тарихга эга бўлган Ислом ақидалари ва ақидапараст оқимлари тарихи тадрижий жараён сифатида яхлитлик, бир бутунлик, узвийлик ва босқичлар хусусиятларини ишлаб чиқиш асосида чуқур ўрганилган. Илмий хулосалар назарий асослангани, илмий таҳлил эса тарихий манбалар негизида ишлангани билан диққатни тортади.

Китоб таркибига “Ис­лом динидаги ақидавий йўна­лишлар”, “Имоми Аъзамнинг  “Фиқҳул Акбар” китоби”, “Ислом динидаги фиқҳий мазҳаблар” каби рукнлар киритилган. Бу рукнлар Ислом тарихидаги илк ақидавий йўналишлар моҳиятини анг­лашга ўқувчини тайёрлайди. Шундан сўнг турли адашган оқимларнинг келиб чиқиши муаммоси талқин қилинади. Ислом тарихида бўлган турли ақидавий йўналишлар ва улар мақсадлари тушунтирилади. Тадқиқотда босқичма-босқич оддийдан мураккабга қараб илмий ахборот берилгани боис, ўқувчи тарихий давр­ни аниқ тасаввур қилиш имкониятига эга.

Китобнинг амалий аҳамия­ти ҳам катта. Бу асар энг олдин масжидларнинг ходимлари, мадрасалар, Тошкент Ислом институти, Тошкент Ислом университети талабалари, ўқитувчилари, маънавият ва маърифат ишлари билан шуғулланувчи турли фуқаролик институтлари мутасаддилари, ёшлар билан иш олиб борувчи тарғибот - ташвиқот муассасалари фаолияти учун жуда зарур манбадир. Чунки уларга тўғри ва долзарб ахборотлар тақдим этади. Бундай китоб ҳар бир оилада ҳам бўлиши шарт. Чунки турли ақидапараст гуруҳларнинг фао­лияти ва мақсадлари борасида халқимиз исботланган ахборотларни билишга интилади.

Ушбу китобда ақида ва ақидапарастликка доир манбалар, тарихий фактлар, маълумотлар чуқур ўрганилган, тартиблаштирилган, замонавий китобхон учун махсус тайёрланган, қиёсий таҳлилдан ўтказилган. Бузғунчи, ақида­параст оқимларга доир жуда катта ва аҳамиятли далиллар илмий муомалага киритилган ва адашган фирқаларнинг алифбо тартибидаги рўйхати тузиб чиқилган.

Ўтган асрда Ислом дини­ни ниқоб қилиб, бузғунчи, фит­начи кучларининг маълум­ та­лаблар билан майдонга чи­қиши кенг кузатилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.  Бундай кучлар  асл соф Ислом ақидаларини атайлаб, тажовузкор сиёсий мақсадларини рўёбга чиқариш учун бузиб кўрсатишади. Дин омилидан бузғунчи гуруҳлар манфаатларини рўёбга чиқариш учун устомонлик билан фойдаланилади. Қуролли тўқнашувлар, террордан кенг фойда­ланиш, давлат тўнтариши каби сиёсий ғояларни тарғиб қилиш бу гуруҳларнинг асл мақсадлари саналади. Буларнинг бари аслида жамиятнинг тинчлигига  қарши қаратилган уринишлардир.

Ақидавий заҳарланиш бугунги кун ва келажак учун қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ҳамма аниқ идрок этиши керак. Шунинг учун бузғунчиликка асос­ланган ёт ғояларга қарши халқ иммунитетини шакл­лантириш чора-тадбирларини эринмасдан, ҳар куни амалга ошириш зарур. Тарғибот ва ташвиқот ишларини бўшаштирмай, пок динимизга, миллий мустақиллик ғояларига садоқатли ватанпарварларни тарбиялай олсаккина, бутун жамият учун тўғри ақида йўлини танлаган бўламиз. Мана шу савоб ишда ҳар бир инсонга қўл келадиган манбалардан бири “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобидир.

 

Гулхумор ТЎЙЧИЕВА,

филология фанлари номзоди