Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи XX аср ўзбек адабиётининг асл дурдонасидир. Асарнинг бошиданоқ ўзига хос бир оҳанг, тасвир сизни асир этади. Юсуфбек ҳожининг вазминлиги, унинг "ҳайтовур" сўзи билан бошланадиган маънодор сўзлари, Ўзбек­ойимнинг ўзини баланд тутишлари, Ҳасаналининг очиқкўнгиллиги, Мирзакарим қутидорнинг Отабекка меҳри тушиб: "Киройи куёвинг шундоғ бўлса" дейиши, Офтобойимнинг: "Кундош – кундош-да", дея кую­ниши, гўзалликда тенги йўқ Кумушнинг Отабекка: "Сиз ўшами?" деб термилишлари, инсоний муҳаббатни қадрлайдиган Отабекнинг унга жавобан: "Мен – ўша!" деган жавоби, Ҳо­­мид­­нинг чақим­чилиги, хиёнат­лари... қўйинг­ки, буларнинг ҳаммаси хотирага, дилга муҳрланиб қолади.

Романдаги ҳар бир қаҳрамон – алоҳида бир дунё. Энг гўзал ва аксинча, энг тубан феълли қаҳрамонлар ҳам ўткир бўёқларда кўрсатилган. Барчаси умрбод эсда қоладиган ҳаётий лавҳалар. Улар асносида муаллиф сизни аста-секин тарихий ҳаёт манзаралари – ўтган XIX аср ўрталарида содир бўлган ҳодисалар, воқеалар ичига олиб киради. Асар саҳифаларида ўша даврдаги ҳаёт ҳам, одамлар ҳам шу қадар жонлики, табиийки, адибнинг юксак иқтидори ва ижодий салоҳиятига тан бермай илож йўқ.

Ҳабибулла Қодирийнинг таъкидлашича, отаси бу асарини ёзиш олдидан шаҳарлар кезиб, ўша давр халқ ҳаётини кўрган, эшитган шахслари ҳақида маълумотлар излаган, улар билан суҳбатлашган ва китобдаги воқеалар содир бўладиган жойларни танлаган.

–     Мен Марғилон кўчаларида юриб, карвонсарой, эски Ўрда ўринларини белгиладим. Мирзакарим қутидор, уста Олим, Ҳомид, Содиқлар уйини тахминладим ва "Хўжа Маъоз"да бир кеча тунадим, – дерди дадам менинг роман ҳақидаги майда-чуйда, эзма саволларимга ҳам жавоб бериб... ("Шарқ юлдузи", 1965 йил 11-сон. 221–222-бетлар).

Адиб ўғлининг бу хотирасидан романнинг бадиий жозибаси манбалари янада аниқроқ аён бўлади. Демак, адиб ўз асарини ёзишдан олдин катта тайёргарлик кўрган, юрт кезган, воқеалар тизими ва қаҳрамонларни узоқ кузатувларга асосланиб яратган. Шунинг учун ҳам "Ўткан кунлар" ўқувчиларнинг энг севимли китобларидан бири бўлиб қолди.

Менга дастлаб етти ёшлигимда "Ўткан кунлар" асари ҳақида раҳматли бувим Ҳакимахон отин сўзлаб бергандилар: "1926–30-йилларда "Ўткан кунлар"ни қўлма-қўл олиб, қайта-қайта ўқиганмиз. Айниқса, ўша очлик, қаҳатчилик йилларида қиш кечалари танча атрофида тизилишиб ўтириб, асар воқеаларини қаҳрамонлар билан бирга бошдан кечиргандек бўлардик".

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ёзганидек, "абадият мартабасини олган" асар – "Ўткан кунлар" XXI асрда ҳам ўз қадр-қимматини асло йў­қ­от­гани йўқ. Вақт ўтгани сайин унинг биз анг­лаб етмаган бадиий жилолари, китобхонни ҳайратга солувчи янги қирра­лари очилса, ажаб эмас. Зеро, Абдулла Қодирийнинг ўзи "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" асарлари тўғрисида: "Бу икки китобни бир марта эмас, беш марта ўқиш керак. Шунда сиз тарихни, турмушни, сиёсатни, одобни, тилни ўрганасиз", деган эди.

Ҳақиқатан ҳам, "Ўткан кунлар" ўзбек халқининг миллий ўзига хослигини, гўзал фазилатларини, урф-одатларини, тарихда тутган ўрнини жаҳон халқларига кўрсатадиган мумтоз асардир.

 

Неъматулло МУҲАМЕДОВ