Динимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонлардан бири устоз Отақул ака Мавлонқуловдир. У киши 1938 йил 23 апрелда Қўқон шаҳрида таваллуд топди. Бувалари Мавлонқул эшон машҳур уламолардан эди. У кишининг фарзандлари ва набиралари – Асрор­қул Мавлонқулов, Пиримқул Мавлонқулов ва Отақул Мавлонқулов ҳам халқимиз ва динимиз равнақи йўлида беминнат хизматлар қилиб ўтганлар.

Отақул ака 1956 йили "Мир Араб" мадрасасига ўқишга киради. Бу ерда бир муддат таҳсил олганларидан кейин Тошкентда Бароқхон мадрасаси очилди, бир гуруҳ талабалар қаторида Отақул Мавлонқулов ҳам ўқишни бу ерда давом эттирди. Мазкур илм даргоҳида Мир Араб мадрасасининг мудири, Тошкент олий маъҳадининг очилишида катта хизмат қилган устозлар Асрорқул Мавлонқулов ва Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший), замонамизнинг етук олимларидан Салоҳиддин Муҳиддинов каби ҳурматли инсонлар билан бирга таълим олдилар. Уларга муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари, ўша пайт­да Бароқхон мадрасаси директори бўлган Исмоил Махдум Соттиев ҳазратлари, етук олим Шоикром Шоисломов каби устозлар диний фанлардан пухта таълим бердилар. Отақул ака Мавлонқулов мадрасани тугатиб, 1964–1966 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси кутубхонасида ишладилар. Бу даврда кутубхона жиҳозларини тартиблаш, китоблар сонини кўпайтириш борасида салмоқли ишлар қилдилар.

1969–1974 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раҳбариятининг тавсиясига биноан Ливиядаги Ислом университетларидан бирида таҳсил олиб қайтдилар.

1974–1978 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назоратининг "Совет Шарқи мусулмонлари" журналининг масъул котиби бўлиб ишладилар. Бу даврда у кишининг ўзбек, рус, араб, форс тилларида ўқиш, ёзиш ва таҳрир қилиш маҳоратлари ортди. Умр­ларининг охирги йилларигача Ўзбекистон мусулмонлари идорасида меҳнат фаолиятлари давом этди, ҳар бир муҳим ҳужжатдан тортиб оддий таклифномаларгача бехато ёзилишига жиддий эътибор берардилар.

Отақул ака 1978–1981 йиллари диний бошқарманинг ­Халқаро бўлими мудири ўринбосари, 1981 йилдан эса мудир лавозимида ишладилар. Юртимизга келадиган уламолар, делегациялар билан боғлиқ барча ишлар Отақул Мавлонқулов раҳбарлигида, назоратида эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси архивини хорижий меҳмонларга оид ҳужжатлар билан тўлдириш, алоқа ўрнатилган ҳар бир мамлакат тўғрисида тўлиқ маълумотлар захираларини яратиш ташаббуси билан чиқиб, бу ишларнинг катта қисмини ўзлари амалга оширди.

Мустақилликнинг илк йилларида "Ислом нури" газетаси бош муҳаррири вазифасини бажариб, газета ўқувчиларга манзур бўлиши учун ҳаётий тажриба, диний ва дунёвий билимларини ишга солдилар. Ке­йинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Халқ­аро бўлими бошлиғи, 1997 йилдан Идоранинг иш бошқарувчиси лавозимларида ҳам ишладилар.

Отақул ака Мавлонқулов инсонийлик мактаби дарсларини мукаммал ўзлаштирган олимлардан эдилар. Сахийлик, кенгфеъллик, очиқ чеҳра доимий фазилатлари эди. Билимларини мунтазам ошириб, идора кутубхонаси ишини доимий назорат қилиб борар, ўзлари энг фаол китобхонлардан бўлган эдилар.

Устоз Отақул ака Мавлонқулов 2000 йили ҳаж ибодатларини адо этиб қайтганларидан бир неча кун кейин, 3 майда Тошкентда вафот этдилар. Аллоҳ таоло устознинг яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин, қолдирган илмлари, фарзанд ва шогирд­ларидан етадиган дуолар билан руҳи покларини доимо баҳраманд этиб турсин.

 

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

Тошкент Ислом институти ректори