Истиқлол сабаб халқимиз улуғ аждодларимизнинг бой ижодий мероси ва ҳаёт йўллари билан яқиндан танишиш ва ўрганиш, мусаффо Ислом динимизга эмин-эркин эътиқод қилиш бахтига мушарраф бўлди. Аммо бу эркинликларни, тинч ва фаровон турмушимизни кўролмай, унга раҳна солиш учун турли фитналар уюштириб, ихтилофлар келтириб чиқаришга интилаётганлар борлиги ҳаммамизни ҳушёрликка чақиради.

2012 йилда "SHARQ" нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида чоп этилган Айдарбек Тулеповнинг "Ислом ва ақидапараст оқимлар" китоби турли фирқа ва гуруҳларнинг асл мақсадларини фош этишда муҳим қўлланма бўлди, десак янглишмаймиз.

Китобда дин ниқоби остида иш олиб бораётган турли оқимлар, фирқаларнинг тарихи, юзага келиши, уларнинг фаолиятлари ва ўз замонасида билдирилган муносабатлар асосли далиллар билан содда тилда тушунарли ёритиб берилган.

Муаллиф бузғунчи оқимлар, фирқаларнинг фаолияти, ўзига хос иш услубларини атрофлича ва асосли таҳлил этган. Шу боис ушбу китобни барчани огоҳликка ва ҳушёрликка чорловчи муҳим қўлланма десак, ўринли бўлади.

Ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлашдек долзарб мавзуга бағишланган бу асар диний соҳа ходимлари ва кенг китобхонлар оммаси учун кераклидир. Айниқса, биз имом-хатиблар тадбирларда, ёшлар билан учрашувларда китобдан унумли фойдаланяпмиз.

 

Жумабой МАТЁҚУБОВ,

Қарақалпоғистон Республикаси Беруний тумани бош имом-хатиби